Исроил Ливанга ҳаво ҳужумларини бошлади (видео)
Олам
−
19 Сентябрь
10376Исроил авиацияси Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” позицияларига бир қатор ҳаво ҳужумларини амалга оширди. Бу ҳақда “The Times of Israel” хабар берди.
Исроил ҳарбийлари Ливан жанубидаги Жиббин аҳоли пункти яқинидаги бир нечта ҳарбий инфратузилма объектларида “Ҳизбуллоҳ” қуролли отрядлари иштирокчиларининг мавжудлигини даъво қилиб, шу нишонларни йўқ қилиш мақсадида объектларга ҳаво ҳужумлари уюштирилганини билдирган.
Бундан ташқари, Исроил ҳаво кучлари Ливан жанубидаги Кафр-Килла, Хальта, Шама ва Эль-Эдейсе аҳоли пунктлари атрофидаги “Ҳизбуллоҳ” объектларига ҳужум қилган. У ердаги нишонлар орасида ракета ва ҳарбий инфратузилма объектлари ҳам бўлгани иддао қилинмоқда.
“Исроил мудофаа кучлари шимолда аҳолига ўз уйларига қайтиш ва бошқа барча ҳарбий мақсадларга эришиш имконини берадиган хавфсизликни яратиш устида ишламоқда”, дейилади хабарда.
Исроил Ливан билан чегарада “Ҳизбуллоҳ” ракеталари ва учувчисиз учоқларининг ҳужумларидан сўнг икки аскарининг ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.
“Ҳизбуллоҳ” етакчиси Ҳасан Насруллоҳ эса Исроил Ливан халқи ва мамлакат суверенитетига қарши уруш эълон қилганини таъкидлади.