Исроил Ливандаги тарихий Бофорт қалъасини эгаллади (видео)

Олам

image

Исроил мудофаа кучлари кеча, 31 май куни Ливан жанубида жойлашган машҳур Бофорт (Қалъат аш-Шақиф) қалъасини эгаллаб олди. Қалъа Набатия шаҳри яқинида, Исроил чегарасидан тахминан 14–15 километр узоқликдаги стратегик баландликда жойлашган. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Исроил ҳарбийлари сўнгги бир неча кун давомида бу ҳудудда кенг кўламли ҳарбий операция ўтказган. Операция давомида ҳаво зарбалари ва қуруқликдаги жанглар амалга оширилиб, натижада қалъа ва унинг атрофидаги ҳудуд Исроил назоратига ўтган. Исроил мудофаа кучлари бу ҳаракатлар “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий инфратузилмасини йўқ қилиш ва чегара хавфсизлигини кучайтириш мақсадида амалга оширилганини билдирган.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху қўшинларнинг Ливан ҳудудида операцияларни янада кенгайтириш бўйича топшириқ берганини айтиб, бу ҳаракатни “муҳим бурилиш босқичи” деб атаган.

Ливан томони эса жанубий ҳудудларда Исроил томонидан кучли ҳаво ҳужумлари ва бомбардимонлар бўлаётганини маълум қилган. “Ҳизбуллоҳ” эса Исроил ҳарбий техникаси ва позицияларига қарши ҳужумлар уюштирилганини билдирган.

“Чегара ҳудудидаги ҳарбий кескинликнинг кучайиши тинч аҳоли хавфсизлиги учун жиддий хавф туғдиради ва бу можаро кенгайиб кетиш хавфини оширади”, дея ушбу вазиятга изоҳ берган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ливандаги собиқ координатори.

UNESCO маълумотига кўра, Бофорт қалъаси 900 йилдан ортиқ тарихга эга бўлиб, Яқин Шарқдаги энг яхши сақланган ўрта аср қалъаларидан бири ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Исроил ва Ливан ўртасидаги можарони юмшатишга қаратилган янги ташаббусни илгари сурганди. Таклифга кўра, аввало “Ҳизбуллоҳ” Исроилга қарши ҳужумларни тўхтатади, эвазига Исроил ҳам Байрутга қарши ҳарбий ҳаракатларни кучайтирмаслик мажбуриятини олади. АҚШ бу босқичма-босқич келишув кескинликни камайтиришга хизмат қилишини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

назорат Исроил Бофорт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг