Исроил Ливандаги БМТ тинчликпарвар кучлари машинасига зарба берди
Олам
−
30 Март
3989Исроил Қуролли кучлари республика жанубида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ливандаги Муваққат кучлари (UNIFIL) автомобилига дрон билан ҳужум қилди. Бу ҳақда Ливан миллий ахборот агентлиги хабар берди.
Унга кўра, UNIFIL машинасига ҳужум Рмеиш қишлоғи яқинида содир бўлган. Машинада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сулҳни назорат қилиш бошқармаси (UNTSO) ходимлари бўлгани ва тинчликпарвар кучлар Рмеиш яқинида келишилган патрул хизматини амалга ошираётгани айтилган.
Агентликнинг қайд этишича, машинага тўғридан-тўғри зарба бериш оқибатида уч нафар офицер ва фуқаролик таржимони жароҳатланган. Унга кўра, жабрланганларни эвакуация қилиш учун воқеа жойига UNIFIL вертолёти етиб келган.
Исроил Мудофаа кучлари эса UNIFIL машинасининг ўққа тутилиши ҳақидаги маълумотни рад этди.
“Lebanon 24” телеканалининг хабар беришича, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчилари Ливан жанубидаги Ал-Тайба шаҳрига учта зарба берган.
Маълумотларга кўра, “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатининг қуролли қаноти жангчилари эрталаб Исроилнинг Рамим аҳоли пунктидаги армия казармаларини ўққа тутган. Ҳаракатнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилинган баёнотда таъкидланишича, зарба “Ғазо секторидаги собит Фаластин халқини” қўллаб-қувватлаш мақсадида уюштирилган.
Кеча, 29 март куни эса Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари Ҳалаб шаҳри яқинидаги (Дамашқдан 360 км узоқликдаги) ҳарбий нишонларга ракета ҳужумларини амалга оширган. “Al Hadath” телеканалининг хабар беришича, Сурия армияси томонида жанг қилаётган “Ҳизбуллоҳ” бўлинмаларига тегишли қурол-яроғ омборлари ҳужумга учраган. “Sky News Arabia” телеканали маълумотларига кўра, 44 киши, жумладан, 7 нафар “Ҳизбуллоҳ” жангчиси ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам ва ишлар агентлиги (UNRWA) олиб кетаётган инсонпарварлик озиқ-овқат карвони Исроил денгиз кучлари томонидан ўққа тутилганди.
LiveБарчаси