Исроил Ливан жанубига зарба берди. Қурбонлар бор
Олам
−
20:47 1282 2 дақиқа
Исроилнинг Ливан жанубидаги Ансар шаҳарчаси четидаги уйга берган ҳаво зарбаси оқибатида етти киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Ҳужум бугун, 15 август куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 04:30 да Набатия ҳудудида, кўчирилган оилалар яшаётган уйга уюштирилган. Ливан Бош вазири Навоф Салом ҳужумни қоралаб, Исроилни кескинликни тўхтатишга чақирган.
Исроил армияси эса зарба аввалроқ ўз аскарларига қарши амалга оширилган ҳаракатга жавобан берилганини ва нишонда “Ҳизбуллоҳ инфратузилмаси” бўлганини билдирган.
Худди шу куни Ливан жанубидаги Дейр аз-Заҳроний шаҳрига ҳам зарбалар берилган. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳужум оқибатида икки киши ҳалок бўлган, тўққиз киши яраланган.
Ливан давлат ахборот агентлиги жанубдаги Али ат-Тоҳир тизмаси атрофига ҳам қатор зарбалар берилгани ҳақида хабар қилган. Бинт Жбейл ҳудудида бир нечта уй вайрон бўлган, Исроил кучлари эса уйлар томон оғир пулемётлардан ўқ узган.
Ҳужумлар июнь ойида жанговор ҳаракатларни камайтиришга қаратилган келишув эълон қилинганидан кейинги энг қонли зарбалардан бири бўлган. Келишув “Ҳизбуллоҳ”нинг қуролсизланиши, Исроил кучларининг Ливан жанубидан босқичма-босқич чиқиши ва ҳудудга Ливан армиясининг жойлаштирилишини назарда тутади.
Ливан Президенти Жозеф Аун Ансардаги ҳужумни ва келишувнинг “такрорий бузилиши”ни қоралаган. Исроил армияси эса жанубдаги хавфсизлик зонасида ўз фуқаролари ва аскарларига таҳдидларни бартараф этишда давом этишини маълум қилган.
Ливан ва Исроил музокарачиларининг навбатдаги учрашуви сентябрь ойида ўтказилиши кутилмоқда, бироқ унинг аниқ санаси ҳозирча белгиланмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилнинг октябрь ойида Ғазо сектори ва Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида ўт очиш тўхтатилганидан бери 1200 дан ортиқ фаластинлик Исроил кучлари томонидан ўлдирилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси