Исроил Ливан жанубига зарба берди (видео)

Олам

image

Бугун, 20 октябрь куни Исроил армияси (ЦАХАЛ) Ливан жанубида жойлашган “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати объектларига зарба берди ва гуруҳ бутун мамлакат бўйлаб ўз инфратузилмасини тиклашга уринаётганини иддао қилди. Бу ҳақда ЦАХАЛ матбуот хизмати хабар берди.

“Бир неча дақиқа аввал ЦАХАЛ Ливаннинг Набатия вилоятидаги “Ҳизбуллоҳ” инфратузилмаси объектларига зарба берди. “Ҳизбуллоҳ” ташкилоти бутун Ливан бўйлаб ўз инфратузилмасини қайта тиклашга уринмоқда”, дейилади баёнотда. 

Ливан ҳукумати эса бир неча бор Исроилнинг мамлакат суверенитетини мунтазам равишда бузаётганини, 2024 йил ноябрида эришилган ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувга қарамай, бу амалиётлар давом этаётганини билдирган. Ливан томонининг маълум қилишича, Исроил қуролли кучлари ҳанузгача мамлакат жанубидаги бешта стратегик нуқтада, жумладан, Гажар қишлоғининг шимолий қисмида жойлашган бўлиб, бу ҳолат БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1701-сонли резолюциясини бузиш ва босқинчилик сифатида баҳоланмоқда.

Ўз навбатида, Исроил армияси зарбалар “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатининг ҳарбий инфратузилмасига ва унинг ҳарбий қанотидаги раҳбариятини йўқ қилиш мақсадида берилаётганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябрь ойи охирида Исроил самолётлари Ливаннинг жануби-шарқидаги Бекаа водийсига ҳаводан бир қатор зарбалар берган эди. Ўшанда ҳам ЦАХАЛ “Ҳизбуллоҳ”нинг юқори аниқликдаги ракеталар ишлаб чиқарувчи объектига ҳужум уюштирилганини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ливан ЦАХАЛ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг