Исроил Ливан жанубидаги 3 та мактабни портлатиб юборди

Олам

image

Кеча, 17 июль куни Исроил ҳарбийлари Ливан жанубидаги учта мактабни талон-торож қилиб, сўнг портлатиб юборди. Бу ҳақда мамлакат Таълим вазири Рима Карамий маълум қилди.

Вазирнинг айтишича, Исроил ҳарбийлари мактаблардаги буюмларни олиб чиққанидан кейин биноларни портловчи моддалар ёрдамида бутунлай вайрон қилган. Карамий мазкур мактаблар уруш давомида вайрон қилинган таълим муассасалари рўйхатига қўшилганини билдирган.

Карамий таълим тизимининг йўқ қилиниши бутун дунё кўз ўнгида содир бўлаётганини таъкидлаб, халқаро ҳамжамиятни Исроилга таълим муассасаларига ҳужумларни тўхтатиш ва мактабларни ҳарбий ҳаракатлардан ҳимоя қилиш учун босим ўтказишга чақирган.

Ливан расмийларига кўра, март ойидан буён Исроил ҳужумлари оқибатида камида 4 324 киши ҳалок бўлган, 12 223 киши жароҳат олган ва бир миллиондан ортиқ одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. Қурбонлар орасида 250 нафар бола ҳам бор.

Маълумот ўрнида, UNESCO июнь ойида Ливанда 17 та мактаб бутунлай вайрон қилингани, 100 дан ортиқ таълим муассасасига зарар етганини маълум қилган. Сўнгги ҳодисалардан кейин вайрон қилинган мактаблар сони камида 20 тага етган.

Ташкилот маълумотларига кўра, можаро туфайли Ливанда 500 мингга яқин бола таълимдан маҳрум бўлган. UNESCO таълимдаги узоқ муддатли узилишлар болаларнинг ривожланиши ва фаровонлигига жиддий салбий таъсир кўрсатишидан огоҳлантирган.

Эслатиб ўтамиз, Ливан ва Исроил 19 июнь куни АҚШ воситачилигида ишлаб чиқилган келишувни имзолаганди. Унда Исроил қўшинларининг босиб олинган Ливан ҳудудларидан босқичма-босқич чиқиб кетиши назарда тутилган, аммо чиқиш муддати белгиланмаган ва жараён “Ҳизбуллоҳ”нинг қуролсизлантирилишига боғланган.

БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) баҳосига кўра, март ойидан бери можаро кучайганидан сўнг Ливан жанубида 11 мингдан ортиқ бино вайрон қилинган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг