Исроил Ливан жанубида қуруқликдаги операцияни бошлади

Олам

image

Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) Эронга қарши операция билан бир вақтда Ливан жанубида ҳам ҳаракат қилмоқда ва “олдинги мудофаани кучайтириш учун” чегара яқинидаги бир нечта нуқталарда позицияларни эгалламоқда. Бу ҳақда ЦАХАЛ матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ЦАХАЛ “таҳдидларни бартараф этиш ва Исроил ҳудудига бостириб киришга уринишларнинг олдини олиш учун” “Ҳизбуллоҳ” инфратузилмасига “аниқ зарбалар” бермоқда.

Исроил Мудофаа вазири Исраэль Кац ўзи ва Бош вазир Биньямин Нетаньяху ҳарбийларга “Исроилнинг чегараолди аҳоли пунктлари ўққа тутилишини тўхтатиш учун Ливандаги қўшимча стратегик ҳудудларни эгаллаш ва у ерда илгарилашга рухсат берганини” маълум қилган.

2024 йилда “Ҳизбуллоҳ” билан эришилган ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувдан сўнг, Исроил Ливан ичкарисидаги бешта стратегик муҳим нуқтада ўз қуруқликдаги қўшинларини қолдирган.

“Ҳизбуллоҳ” 2 мартга ўтар кечаси Исроилга ракета ва дронлар учирган ва буни Эрон Олий раҳбари Али Хоманаийнинг ўлдирилиши учун қасос деб атаган. Шундан сўнг, Исроил Мудофаа армияси Байрут ва Ливан жанубидаги “Ҳизбуллоҳ”га алоқадор нишонларга зарба бера бошлади. ЦАХАЛ Бош штаби бошлиғи генерал Эяль Замир Исроил “бир неча фронтда уруш олиб бориш сценарийсига” тайёр эканини айтди.

Бугун, 3 мартга ўтар кечаси Ливан томонидан Исроилга бир нечта ракета ва дронлар учирилди. Ракета ва учиш аппаратларининг бир қисми ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан тутиб қолинди, қолганлари кимсасиз ҳудудларга тушди. Ўз навбатида, Исроил Мудофаа армияси “Ҳизбуллоҳ”га қарши кенг кўламли зарбалар берилишини эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ҳизбуллоҳ” Исроилга дрон ва ракета зарбалари берганидан сўнг Ливан ҳукумати гуруҳнинг ҳарбий ҳаракатларини тақиқлагани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ливан Ҳизбуллоҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг