Исроил қўшинлари шарқий Хон Юнусни тарк этди

Олам

image

Минглаб фаластинликлар бугун, 30 июль куни Исроил қўшинлари бир ҳафта давом этган босқинини тугатгандан сўнг Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳри вайроналаридаги уйларига қайтди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Фаластинлик қутқарувчилар ва тинч аҳоли ташландиқ уруш зонаси кўчаларидан жасадларни йиғиб, гиламларга ўралган жасадларни машиналар ва эшак араваларида ўликхоналарга олиб боришди. ҲАМАСнинг Ғазодаги матбуот хизмати Исроилнинг Хон Юнус шарқидаги саккиз кунлик рейдида 255 фаластинлик ҳалок бўлгани ва 300 дан ортиқ киши яраланганини билдирди. Камида 30 киши ҳамон бедарак йўқолган.

Исроил ҳарбийлари эса бир ҳафта давом этган рейд давомида ўз кучлари “150 дан ортиқ фаластинлик жангариларни йўқ қилганини, жангарилар туннелларини вайрон қилганини ва қурол-яроғларни қўлга олгани”ни айтди.

Исроил аскарлари кетганидан сўнг одамлар уйларига пиёда ва араваларда ўз буюмлари билан қайтишди. Кўпчилик ўз уйлари бузилган ёки вайрон бўлганини аниқлади.

Гувоҳларнинг айтишича, армия бўлинмалари рейднинг асосий нишони бўлган Хон Юнуснинг шарқий чеккасида жойлашган Бани Суҳайладаги асосий қабристонни, шунингдек, яқин атрофдаги уйлар ва йўлларни ўққа тутган.

Ойлардан бери давом этаётган воситачилар орқали сулҳ бўйича музокаралар олиб бориш ҳаракатлари яна муваффақиятсизликка учради. Кеча, 29 июль куни Исроил ва ҲАМАС бир-бирини музокараларда тараққиёт йўқлигида айблашди. ҲАМАС Ғазодаги урушни якунлаш учун ўт очишни тўхтатишни истаса, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху можаро ҲАМАС мағлуб бўлгандан кейингина тугашини айтмоқда. Келишув қандай амалга оширилиши борасида ҳам келишмовчиликлар мавжуд.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо ҲАМАС Хон Юнус

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг