Исроил қабул қилган жасадлардан бири номаълум шахсга тегишли экани аниқланди
Олам
−
21 Февраль 2025 4623 2 дақиқа
Хабарингиз бор, кеча, 20 февраль куни ҲАМАС 2023 йил 7 октябрь куни Исроилга ҳужум чоғида гаровга олинган 4 кишининг жасадини Исроилга қайтарганди. Исроил армияси ҲАМАС томонидан топширилган жасадлардан бири гаровга олинган Шири Бибас эмас, балки номаълум шахсга тегишли эканини маълум қилди. Бу ҳақда “The Jerusalem Post” хабар берди.
Қайд этилишича, қайтарилганлар орасида 33 ёшли Шири Бибас, унинг ўғиллари (2 ёшли Кфир ва 5 ёшли Ариэль) ва 83 ёшли Одед Лифшитс бўлиши керак эди. Исроил қабул қилинган жасадларни миллий суд-тиббиёт марказига юборган. Текширувларда жасадлардан бири номаълум ва Шири Бибасга тегишли эмаслиги аниқланган. Болаларнинг ДНК намуналари қайтарилган аёлники билан мос келмаган.
“Бу ҲАМАС томонидан ўта шафқатсиз қоидабузарлик бўлиб, келишувга кўра у тўрт нафар ҳалок бўлган гаровга олинганларни қайтаришга мажбур. Биз ҲАМАСни Шири Бибас ва ўғирланганларнинг барчасини қайтаришга чақирамиз”, дейди Исроил армиясининг вакили Авичаи Адраи.
Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишув гаровга олинганларни озод қилиш ва қурбонларнинг жасадларини қатъий равишда олдиндан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ қайтаришни назарда тутади.
ҲАМАС жасадларни оммавий намойишда топширганди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антонио Гутерриш буни қаттиқ қоралади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 16 январь куни Исроил, ҲАМАС, АҚШ ва Қатар вакиллари Доҳада Ғазо секторида гаровга олинганларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни расман имзолаганди. Келишув 19 январь куни кечқурун кучга кирди ва ҲАМАС уч нафар шахсдан иборат биринчи асирлар гуруҳини озод қилди. Исроил эса 90 фаластинлик маҳбусни озод қилган. 25 январь куни сулҳ келишувининг биринчи босқичи доирасида асир алмашишнинг иккинчи раундида Ғазо секторида сақланаётган тўрт нафар исроиллик аёл эвазига Исроил қамоқхоналарида сақланаётган 200 нафар фаластинлик озод қилинди. 1 февраль куни ҲАМАС гаровдаги 3 нафар исроилликни,Исроил эса 83 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилди. Шунингдек, 8 февраль куни ҲАМАС гаровга олинганларни алмашиш бўйича келишувнинг бешинчи босқичи доирасида Қизил Хочга уч нафар гаровга олинган исроилликни топширди. Исроил эса ҲАМАС 183 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилди.
Live
Барчаси