Исроил Ғазони тўлиқ аннексия қилмоқчи – ОАВ

Олам

image

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳарбий-сиёсий Вазирлар Маҳкамасига Ғазо секторини тўлиқ қўшиб олиш режасини тақдим қилмоқчи. Бу ҳақда бугун, 29 июль куни манбаларига таяниб, Исроилнинг “Haaretz”газетаси  хабар берди.

“Исроил ҲАМАСга ўт очишни тўхтатишга рози бўлиши учун бир неча кун муҳлат бераётганини эълон қилади ва рад жавоби берилган тақдирда Фаластин ҳудудларини босқичма-босқич аннексия қилишни бошлайди”, дея таъкидлайди газета.

“Haaretz” суҳбатдошларига кўра, аввал буфер зонасидаги ҳудудлар, сўнгра Ғазо секторининг шимолий қисмидаги Исроилнинг Сдерот ва Ашкелон шаҳарларига туташ ҳудудлари қўшиб олинади.

“Жараён бутун минтақа аннексия қилинмагунча давом этади. Нетаньяху вазирларга АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти бу режани қўллаб-қувватлашини айтди”, деб ёзади “Haaretz”.

Газета манбаларининг билдиришича, Исроил молия вазири, ўта ўнг сиёсатчи Бецалель Смотрич Ғазони аннексия қилиш режаси амалга оширилса, Нетаньяхуга ҳукуматда қолишга ваъда берган.

Аввалроқ Смотрич ва Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир агар ҳукумат Ғазо секторида ҲАМАС бутунлай йўқ қилинмагунча ўт очишни тўхтатишга рози бўлса, истеъфога чиқиш ва ҳукмрон коалицияни парчалаш билан таҳдид қилган эди.

“The Times of Israel” газетасининг Исроил телевидениесининг 12-каналига таяниб, хабар беришича, Исроил Вазирлар Маҳкамаси Ғазо секторидаги урушни тўхтатиш, жумладан, тўлиқ босиб олиш учун бир нечта вариантни кўриб чиқмоқда. Телеканал маълумотларига кўра, ҲАМАС ҳаракат қилаётган ҳудудни аннексия қилиш ёки шаҳарларни блокировка қилиш имконияти бир кун аввал ҳарбий-сиёсий Вазирлар Маҳкамасининг қисқартирилган форматдаги мажлисида муҳокама қилиниши керак бўлган.

“Блокадада Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами етказилиши тўхтатилади”, деб ёзади “The Times of Israel”.

Хабарларга кўра, расмийлар Фаластин ҳудудига электр энергиясини узиб қўйиш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда. Агар режа амалга ошса, исроиллик ҳарбийлар гаровга олинганлар сақланадиган ҳудудларга кўчиб ўтади. Ҳозиргача улар буни қилишдан қочди. ЦАХАЛ яқинда Ғазо секторининг қарийб 75 фоизини назорат қилаётганини айтди.

27 июль куни Исроил Ғазо секторининг айрим қисмларида ҳар куни жанговар ҳаракатларни тўхтатиб, инсонпарварлик ёрдами учун янги йўлаклар очишини эълон қилди. Эртаси куни Трамп ғазоликлар очликдан азоб чекаётганини тан олди ва гуманитар ёрдамга эришишни осонлаштириш учун минтақада озиқ-овқат марказларини ташкил этиш режаларини эълон қилди. Ўтган ҳафта Нетаньяху ва Трамп ҲАМАСнинг келишувга эришишни истамаслигини айтиб, у билан музокаралардан воз кечди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг