Исроил Ғазога тижорий товарлар киритилишини тўхтатди
World
−
14:43 373 3 minutes
Исроил Ғазо секторига тижорий товарлар киритилишини тўхтатди. Бу ҳақда жорий йилнинг 14 октябрь куни Исроил ҳарбийларининг Ғазодаги гуманитар масалаларни мувофиқлаштирувчи органи – COGAT’га таяниб, “Al Jazeera” хабар берди.
Қайд этилишича, Исроил расмийлари ҳозирги кунда Ғазога ҳеч қандай товар киритмаяпти. Улар бунга маҳаллий савдогарлар ва ҲАМАС ўртасидаги солиқ низосини сабаб қилиб кўрсатган.
COGAT’нинг иддао қилишича, маҳаллий савдогарлар ҲАМАС талабларига жавобан товар етказиб беришни тўхтатишга қарор қилган. ҲАМАС Ғазога кирувчи ҳар бир юк машинасидан 10 минг шекель (3 220 доллар) миқдорида йиғим ундиришни, шунингдек, барча савдоларнинг 30 фоизини нақд пулда амалга оширишни талаб қилган.
Мазкур чеклов Ғазо секторида яшаётган 2,1 миллион киши учун озиқ-овқат ва бошқа товарлар етказиб берилишига салбий таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Очарчиликдан азият чекаётган ҳудуд аҳолиси товарлар киритилишида Исроил назорат қиладиган чегараларга тўлиқ боғлиқ.
Ғазо ҳукуматининг матбуот хизмати кеча, 15 октябрь куни Исроилнинг бу даъволарини рад этиб, уларни “асоссиз ёлғон ахборот кампанияси” деб атаган. Идора вакилларининг билдиришича, Исроил юк машиналари ҳаракати тўхтагани учун масъулиятни Ғазо ҳукуматига юклашга уринмоқда. Уларнинг айтишича, солиқ йиғими мажбурий эмас, балки ихтиёрий бўлиб, бева аёллар ва етимлар каби ёрдамга муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтирилади. Шунингдек, уруш оқибатида нақд пул танқислиги юзага келгани сабабли нақд пулда тўлов қилиш тавсия этилган, бироқ бу ҳеч қачон мажбурий талаб бўлмаган.
Қиш мавсуми яқинлашаётган бир пайтда тижорий юклар, жумладан, мева-сабзавот ва қишки кийим-кечаклар етказиб берилишининг тўхтатилиши Ғазодаги вазиятни янада оғирлаштирмоқда. COGAT маълумотларига кўра, гуманитар ташкилотлар асосан ун каби асосий маҳсулотларни олиб киради. Савдогарлар эса мева ва гўшт каби тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беради. Хайрия ташкилотлари ходимлари нархларни назорат қилиш ва аҳоли эҳтиёжларини қондириш учун ҳам гуманитар ёрдам, ҳам тижорий бозор фаолияти зарурлигини таъкидламоқда.
“Фақат гуманитар ёрдамнинг ўзи барча инсонларнинг эҳтиёжларини қондира олмайди. Бозорлар фаолият кўрсатиши керак”, дейди Норвегия қочқинлар кенгаши вакили Шейна Лу.
Ғазо хусусий юк ташувчилар уюшмаси раҳбари Наҳед Шехейбер ҳам Исроилнинг баёнотини рад этган.
“Исроил координатори бунда Ғазо савдогарларини айбламоқда. Лекин ҳақиқат шуки, чекловларни Исроилнинг ўзи жорий қилди”, дейди у.
COGAT баёнотидан сўнг Шехейбер бошчилигидаги уюшма Ғазо Иқтисодиёт вазирлиги билан учрашган. Учрашувда Исроил вазирлик томонидан белгиланган йиғимларни баҳона қилиб, тижорий товарлар киритилишини тўхтатганидан хавотир билдирилган.
Июль ойида глобал очарчиликни кузатувчи ташкилот Ғазо аҳолисининг учдан икки қисмидан кўпроғи йил охиригача ўткир очарчиликка дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирган. АҚШ воситачилигида эришилган келишувга кўра, Исроил ҳар куни Ғазога гуманитар ёрдам олиб кирадиган камида 600 та юк машинасини ўтказиши шарт. Бироқ дипломатларнинг таъкидлашича, амалда Ғазога кунига 600 тадан анча кам юк машинаси кирмоқда. Шехейбернинг айтишича, бу кўрсаткич тахминан 300 тани ташкил этади ва уларнинг учдан икки қисми тижорий юклардан иборат.
Маржона Маманиёзова
Live
AllJizzaxda 10 yoshli qiz zo'rlandi
06 October
Sergelidagi masjidga o't ketdi
03 October