Исроил Ғазога 45 фаластинликнинг жасадини топширди

Олам

image

Исроил Ғазо маъмуриятига 45 нафар фаластинликнинг жасадини топширди. Бу ҳақда Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, “Anadolu” агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, томонлар ўртасида шартнома имзоланганидан бери Ғазо томони жами 90 кишининг жасадини олган. Бироқ уларнинг Исроил қамоқхоналарида вафот этган-ми ёки ҳарбий операциялар чоғида Исроил армияси (ЦAХАЛ) томонидан Ғазодан олиб чиқилган-ми – бу ҳақда аниқ маълумот берилмаган.

“Шифокорлар тасдиқланган протоколларга мувофиқ, жасадлар устида ишлашни давом эттирмоқда, суд-тиббий экспертизалар ўтказилмоқда, ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда ва жасадлар оилаларга топширишга тайёрланмоқда”, дейилади Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида.

Томонлар ўртасидаги келишувга кўра, Исроил ҳар бир қайтарилган исроиллик жасади учун 15 нафар фаластинликнинг жасадини топшириши керак эди. ХАМАС бир кун аввал тўрт кишининг жасадини топширган. Фаластин томони айрим жасадларнинг дафн жойлари номаълум бўлгани сабабли жараён бироз чўзилиши мумкинлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, бунгача Мисрда ўтказилган саммитда АҚШ, Миср, Туркия президентлари ҳамда Қатар амири, Исроил ва ХАМАС ўртасидаги урушни тўхтатиш бўйича битимни имзолаган эди.

Сентябрь ойи охирида АҚШ можарони тугатиш бўйича 21 банддан иборат режани тақдим этган бўлиб, унда асирлар алмашинуви ва Ғазада фуқаролик инфратузилмасини босқичма-босқич тиклаш масалалари ҳам киритилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг