Бугун Мисрда Ғазо бўйича тинчлик саммити бўлади

Олам

image

Фаластин Миллий Маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос Ғазо сектори бўйича тинчлик келишуви имзоланадиган Мисрнинг Шарм ал-Шайх шаҳрида ўтказиладиган “тинчлик саммити”да иштирок этади. Бу ҳақда кеча, 12 октябрь куни манбасига таяниб, “Axios” нашри мухбири Барак Равид X ижтимоий тармоғида хабар берди.

“Фаластинлик расмий менга шуни тасдиқладики, Фаластин Президенти Аббос эртага Мисрда бўладиган Трампнинг тинчлик саммитига боришни режалаштирган”, деб ёзди Равид.

“Axios”дан ташқари, Мисрнинг “Al-Shorouk” газетаси ҳам манбаларга таяниб, Аббоснинг 13 октябрдаги саммитда иштирокини хабар қилди. 

“Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос эртага Шарм ал-Шайхда бўлиб ўтадиган тинчлик саммитида иштирок этади”, деб ёзди нашр ўзининг X саҳифасида.


11 октябрь куни Миср Ташқи ишлар вазирлиги 13 октябрь куни Шарм ал-Шайхда халқаро “тинчлик саммити” ўтказишини эълон қилди. Учрашувда “Ғазодаги урушни тугатиш бўйича шартнома” имзоланиши кутилмоқда. Айни шу шаҳарда ўтган ҳафта Исроил ва ҲАМАС ўртасида дастлабки келишув ҳам имзоланган эди.

ТИВ маълумотига кўра, учрашувга АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Миср Президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси ҳамраислик қилади. Саммитда жами 20 га яқин жаҳон раҳбарлари иштирок этади. Улар орасида Британия Бош вазири Кир Стармер ва Германия канцлери Фридрих Мерц ҳам бор.

Шу билан бирга, ҲАМАС шартномани имзолаш жараёнида иштирок этмайди. Бироқ, кутилганидек, саммит куни тонгда гуруҳ бир неча гаровдагиларни озод қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Миср Фаластин Маҳмуд Аббос Ғазо тинчлик саммити

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг