Исроил Ғазо жанубига ракета зарбаси берди
Олам
−
03 Март 3408 1 дақиқа
Исроил армияси Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳарчасига ҳаво ҳужуми уюштирди. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, исроиллик ҳарбийлар Хон Юнуснинг ғарбий қисмига иккита ракета билан ҳужум қилган. WAFA расмий ахборот агентлигининг хабар қилишича, Хон Юнус шаҳри яқинидаги Ал-Маваси ҳудудидаги ҳаво ҳужуми оқибатида уч нафар тинч аҳоли вакили яраланган. Рафаҳ шаҳридаги ҳужумларда эса икки фаластинлик ҳалок бўлгани хабар қилинган.
Шунингдек, бугун, 3 мартга ўтар кечаси Исроил Ғазо секторининг шимолий қисмини, жумладан, Туффаҳ ва Жабалия ҳудудларини, шунингдек, Рафаҳ ҳудудини ўққа тутишни давом эттиргани хабар қилинган.
Қайд этилишича, сулҳ битими 19 январда кучга кирганидан бери Исроил унинг шартларини бузишда давом этмоқда. Бу қонунбузарликлар оқибатида фаластинликлар орасида ҳалок бўлганлар сони 116 нафарга етган, ярадорлар сони эса 490 нафарга етган.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазога инсонпарварлик ёрдами олиб киришни тўхтатганини эълон қилди, буни ҲАМАСнинг АҚШнинг тинчлик музокараларини давом эттириш таклифига қаршилигини баҳона қилди.
ҲАМАС, ўз навбатида, Исроилнинг қарорини кескин қоралаб, буни ҳарбий жиноят ва эҳтимолий ўт очишни тўхтатишга зарба деб атади.
Live
Барчаси