Исроил Ғазо осмонидан огоҳлантирувчи варақа сочди
Олам
−
14 Октябрь 2023
10037Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторидаги Бейт-Лахия шаҳарчасида эвакуация қилиш зарурлиги тўғрисида огоҳлантирувчи варақалар тарқатди. Чунки ҲАМАС бу шаҳардан “ўз операциялари учун” фойдаланмоқда. Бу ҳақда “Jerusalem Post” хабар бермоқда.
“Маълумотларга кўра, Исроил армияси Ғазо секторидаги Бейт-Лахия шаҳрига варақалар ташлаб, аҳолини эвакуация қилиш ҳақида огоҳлантирган, чунки ҲАМАС шаҳардан ўз амалиётлари учун фойдаланмоқда”, дейилади агентлик хабарида.
Исроил-Фаластин можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
LiveБарчаси