Исроил Фаластин қишлоғидаги уйларни 186-марта бузмоқда

Олам

image
0:00
0:00
download

Исроил ҳарбийлари 186-марта Ал-Нақаба чўлида жойлашган Ал-Арақиб қишлоғидаги турар-жой биноларини бузди. Ал-Арақиб қишлоқ мудофааси қўмитаси аъзоси Азиз ат-Турининг “Anadolu” агентлигига айтишича, 22 оила ёғоч ва пластмассадан қурилган вайрон қилинган уйларда яшамоқда.

Ат-Турининг сўзларига кўра, бу қишлоқдаги уйларнинг ушбу ойда иккинчи марта бузилиши ва коронавирус пандемияси бошланганидан бери ўн биринчиси.

Маълумот учун, Исроил армияси 2010 йил июлидан бери Фаластин қишлоғидаги уйларни ноқонуний бино деб бузиб келмоқда. Ал-Арақиб аҳолисининг 80 фоизидан кўпроғи араблар – Исроил фуқаролари.

Исроил расмийлари “қишлоқ ноқонуний асосда қурилган ва уни бузиш керак” деб даъво қилмоқда. Қишлоқ аҳолиси, бунга жавобан, бу ерлар Исроил ташкил этилишидан анча олдин ота-боболаридан мерос бўлиб ўтганини таъкидлайди.

Қишлоқ аҳолиси қаршилик кўрсатишда давом этмоқда, Исроил қуролли кучлари томонидан ҳар бир бузилишидан кейин ёғоч ва пластмасса уйларини қайта тиклайди.

Исроил Ал-Арақибни электр ва сув билан таъминламайди, минтақада яшовчи фаластинликларнинг ерга эгалигини тан олмайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил ҳарбийлари Ғарбий соҳилда фаластинлик намойишчиларга қарши ўқ отиб, 4 кишини жароҳатлаганди.

Шунингдек, Исроил самолётлари Ғазо секторига яна бир зарба берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

165

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг