Исроил Эронга ҳужум қиладими? Нетаньяху Путин орқали хабар йўллади

Олам

image

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Россия Президенти Владимир Путиндан Теҳронга Исроил Эрон Ислом Республикасига ҳужум қилиш ниятида эмаслиги ҳақидаги хабарни етказишни сўраган. Бу ҳақда “Kan News” хабар берди.

Нашрнинг дипломатик манбаларга таяниб ёзишича, Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинлик фонида Путин ва Нетаньяху яқинда бир неча бор телефон орқали мулоқот қилган. Ушбу қисқа мулоқотлар давомида Нетаньяху Путинга Исроилнинг Эронга ҳужум қилиш нияти йўқлигини айтган ва буни Теҳронга етказишини сўраган. 

Икки етакчининг сўнгги телефон суҳбати ҳақида Кремль 15 ноябрь куни маълум қилган. Ўшанда улар Ғазодаги ўт очишни тўхтатиш масаласи, Эроннинг ядровий дастури ва Суриядаги вазиятни барқарорлаштириш масалаларини муҳокама қилган. Бир ой аввал Владимир Путин Россия Исроилдан Эрон билан қарама-қаршиликка қизиқиш йўқлиги ҳақида сигнал олаётганини айтган эди. Бу Исроилнинг Эронга ҳужум қилиш хоҳиши сўнганини яна бир бор кўрсатиб берди. 

Маълум қилинишича, Исроил ҳукумати Теҳроннинг Исроил ҳудудига биринчи бўлиб зарба бериши мумкинлигидан хавотирда. Нетаньяхунинг бу мурожаати айнан шундай сценарийнинг олдини олишга қаратилган.

Қайд этиш жоиз, 5 январь куни Нетаньяху Теҳрон томонидан бўладиган ҳар қандай ҳужум “жиддий оқибатларга” олиб келишини айтди. Унинг сўзларига кўра, Исроил ҳукумати ва АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон ва умуман минтақавий масалалар бўйича бир хил позицияга эга. 

Путин эса Теҳрон тинч мақсадларда ядровий технологиялардан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканини айтиб, Москва буни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган. У 2025 йил ёзида АҚШнинг Эронга берган зарбаларини асоссиз тажовуз деб атаган.

Исроил-Эрон уруши

2025 йилнинг 13 июнь куни Исроил Мудофаа кучлари Эроннинг ядровий ва ҳарбий объектларига қарши кенг миқёсли ҳаво ҳужумини бошлади. Бу ҳужумларда асосан Эрон ядровий иншоотлари, ҳарбий бошқарув марказлари ва рамзий объектлар нишонга олинди. Исроил расмийлари бу операцияни Эроннинг ядровий салоҳиятини йўқотиш ва мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадида бошлаганини айтди.  

Бу тўғридан тўғри тўқнашув бир неча кун давом этди. Исроил томони 200 дан ортиқ нишонларга ҳужум қилди, жумладан Натанз ядровий маркази ва бошқа муҳим объектлар ҳам нишонга айланиб кетди. Кўплаб юқори мартабали Эрон ҳарбий раҳбарлари, шу жумладан Эрон инқилобий гвардияси раҳбарлари, Эрон Қуролли кучлари бошқарувчилари ва ядровий мутахассислар ҳалок бўлган деб хабар қилинди. 

Албатта, Эрон томони ҳам осмондан тушаётган ракеталарни икки қўлини оғзига тиқиб кузатиб ўтирмади, жавоб чораларини кўрди, бир кечада Исроил ҳудудларида “катта мушакбозлик уюштирди”. Эрон биринчи ҳужумга жавобан 150 дан ортиқ балистик ракета ва 100 дан ортиқ дронлар орқали Исроил ҳудудига қарши ҳужумларини йўллади. Ракета зарбалари Тель-Авив, Ҳайфа, Петаҳ-Тиква ва бошқа шаҳарларни нишонга олди.  

22 июнь куни Трамп Америка халқига мурожаат қилиб, мамлакат Эроннинг учта ядровий объектига – Фордо, Натанз ва Исфаҳонга зарба берганини эълон қилди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху эса халққа қилган мурожаатида Трампга бу ҳужумлар учун миннатдорлик билдирди.

Шундан сўнг, аллақачон ғазаб отига миниб улгурган Эрон АҚШнинг Қатар ва Ироқдаги базаларига қарши ҳарбий амалиёт бошлади. Бу Ўзбекистон вақти билан 23 июнь кунига тўғри келди. ОАВнинг ёзишича, АҚШ базаларига қарши амалиётга “Ғалаба хабари” номи берилган. Қатар Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Эрон зарбалари оқибатида инсоний талафотлар қайд этилмаган.

“Ynet” нашрининг ёзишича, Эрон Қатардаги АҚШ базаларига 10 та ракета, Ироқдаги АҚШ базасига эса 1 та ракета йўллаган. Эрон Қуролли кучлари Қатарда жойлашган АҚШнинг Ал-Удейд ҳарбий базасига зарба берганини ҳам тасдиқлаган. Шу тариқа Эрон ўз аламини Қатардан олди.

Расмий ва мустақил манбаларга кўра, 12 кун давом этган уруш давомида Эрон тарафида таҳминан 1 190 киши ҳалок бўлди, 4 000 дан ортиқ киши жароҳатланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Владимир Путин Исроил Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг