Исроил-Эрон уруши Украина учун ажойиб имконият яратди
Олам
−
07 Март 24891 2 дақиқа
АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий амалиёти Пентагон ва Украина ўртасида муҳокама қилинаётган дрон технологиялари бўйича келишувига тезлик қўшди. Вашингтон Киевнинг дронларга қарши курашда тўплаган тажрибасидан фойдаланишни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “Politico” ёзди.
Сўнгги йилларда Россиянинг “Шаҳид” туридаги дрон ҳужумларига қарши курашиш жараёнида Украина арзон ва самарали тўхтатувчи дронлар ҳамда бошқа усулларни ишлаб чиққан. Эрон ҳам шунга ўхшаш арзон дронлардан фаол фойдаланаётгани АҚШ ва унинг иттифоқчилари учун жиддий муаммога айланган. Масалан, арзон дронларни йўқ қилиш учун қимматбаҳо ракета тизимларидан фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан самарасиз экани айтилмоқда.
Манбаларга кўра, Пентагон ва Украина ўртасида технология алмашиш бўйича музокаралар қарийб бир йилдан бери давом этмоқда. АҚШ ҳарбий вакиллари яқинда Киевга ташриф буюриб, синовдан ўтган дронларга қарши технологиялардан қандай фойдаланиш мумкинлигини муҳокама қилган.
Украина учун бу музокаралар муҳим дипломатик имконият сифатида баҳоланмоқда. Киев АҚШ ва бошқа ҳамкорларга ўз тажрибасини таклиф қилиш орқали қўшимча молиявий ва ҳарбий ёрдамга эришишни мақсад қилмоқда. Шу билан бирга, дрон технологияларини бошқаларга бериш ўзининг мудофаа қобилиятига салбий таъсир қилмаслигига ҳам эътибор қаратмоқда.
Экспертлар таъкидлашича, арзон тўхтатувчи дронлардан фойдаланиш қиммат ракеталарга нисбатан анча самарали. Масалан, Украинада ишлаб чиқилган баъзи дронлар тахминан 3 минг долларга тушса, “Шаҳид” дрони 50 минг доллар атрофида, уни йўқ қилиш учун ишлатиладиган “Патриот” ракетаси эса миллионлаб доллар туради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Владимир Зеленский Америка Қўшма Штатлари Украинадан Эрон дронларидан ҳимояланишда ёрдам сўраганини айтган эди.
Live
Барчаси