Исроил Бош вазири ўзгарди
Олам
−
01 Июль 2022
11227Исроил Бош вазири лавозимини тарк этаётган Нафтали Бенет ўз ваколатларини Ташқи ишлар вазири Яир Лапидга топширди. Расмий маросим 30 июнь куни Қуддусда Кнессетнинг (парламент) ўзини-ўзи тарқатиб юбориш тўғрисидаги қонун лойиҳаси маъқулланганидан сўнг бўлиб ўтди. Бу ҳақда Исроил ҳукумати матбуот хизмати маълум қилди.
Бенет 2021 йил баҳор ойларида бўлиб ўтган аввалги сайловлар натижаларига кўра, тузилган коалиция келишувига мувофиқ, Бош вазирликни Лапидга топширди. Лапид жорий йилнинг 1 ноябрда бўлиб ўтадиган янги сайловларга қадар Вазирлар Маҳкамаси раҳбари лавозимини эгаллайди.
Ҳукумат матбуот хизматида таъкидланишича, Бенет ва Лапид “камтарона ваколатларни топшириш маросимини ўтказди”, унда иккала сиёсатчининг оила аъзолари иштирок этди. Сўнгра Бенет истеъфога чиқди ва янги Бош вазир ишларни топшириш бўйича “батафсил суҳбат” ўтказган, унда, хусусан, “Исроил давлатининг хавфсизлик ва дипломатия соҳасидаги асосий муаммолари муҳокама қилинди”, дея қўшимча қилди матбуот хизмати.
Нафтали Бенет ҳамкасбига насиҳат қилиб, Бош вазир лавозими Исроил халқи хизматидаги алоҳида миссия эканлигини таъкидлади.
“Мен сизга Исроил давлати учун масъулият юклайман, унга яхши ғамхўрлик қилишингизни хоҳлайман. Худо сизни асрасин”, деди истеъфога чиққан Бош вазир.
Ўз навбатида Яир Лапид ўзидан олдинги раҳбарга яхши сўзлари учун миннатдорлик билдириб, уни “яхши инсон ва ажойиб Бош вазир”, шунингдек, “яхши дўст” деб билишини таъкидлади.
“Бу хайрлашув маросими эмас, чунки ҳеч ким кетиш ниятида эмас”, дейди у.
Парламентни тарқатиш ва Бош вазирни алмаштириш
30 июнь куни Исроил парламенти кўп кунлик муҳокамалардан сўнг ўз-ўзини тарқатиб юбориш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Шу билан бирга, янги сайловлар санаси – 1 ноябрь тасдиқланди. Шундан сўнг, амалдаги Кнессет тарқатиб юборилган деб ҳисобланади.
Жорий йилнинг 20 июнь куни ҳукмрон коалиция етакчилари Бенет ва Лапид Кнессетни тарқатиб юборишга ва Вазирлар Маҳкамаси раҳбари ваколатларини коалиция келишувига кўра, кейинги сайловларга қадар ташқи ишлар вазирлиги раҳбарига ўтказишга келишиб олдилар. 22 июнь куни парламент ўз-ўзини тарқатиб юбориш тўғрисидаги қонун лойиҳасини дастлабки ўқишда ёқлаб, овоз берди. Ҳужжат ниҳоят шу ҳафта бошида маъқулланиши кутилганди, бироқ парламент комиссияси даражасидаги баҳслар бугунга қадар чўзилди.
29 июнь куни Бенет кейинги сайловларда қатнашмаслигини ва унинг “Ямина” партиясини бўлажак сайлов компаниясида ҳозирги Исроил Ички ишлар вазири Айелет Шакед бошқариб боришини эълон қилди.
LiveБарчаси