Исроил аскарлари ўлдирган Ҳинд Ражаб ҳақидаги фильм рекорд ўрнатди (видео)
Маданият-санъат
−
05 Сентябрь 10690 3 дақиқа
Кўз ёшлари, “Фаластин озод бўлсин ” шиорлари ва Фаластин байроқлари ҳилпираши остида ўтган “Ҳинд Ражабнинг овози” номли ҳақиқий воқеаларга асосланган драман машҳур Венеция кинофестивалидаги илк намойишида 23 дақиқадан ортиқ давом этган олқишга сазовор бўлди. Бу фильм ўтган йили Ғазо шаҳрида исроиллик ҳарбийлар томонидан шафқатсизларча ўлдирилган беш яшар қизчанинг сўнгги бор оиласини қутқаришларини сўраб ёлвориши ҳақида ҳикоя қилади.
Жорий йилнинг 3 сентябрь куни бўлиб ўтган премьерада намойиш этилган таъсирли ҳужжатли фильм Фаластин Қизил Ярим Ой жамиятининг Ҳинд Ражаб билан олиб борган соатлаб давом этган суҳбати асосида ишланган. Қизалоқ аммаси, тоғаси ва уч нафар қариндоши Исроил аскарларининг ўқи туфайли ҳалок бўлган машинада тирик қолган ҳолда қўрқинчли дақиқаларни бошидан кечирган.
2024 йилнинг 29 январида уюштирилган ҳужум пайтидаги асл аудиоёзувларда Ражаб йиғлаб, Қизил Ярим Ой ходимларига “Илтимос, олдимга келинглар, илтимос. Мен қўрқяпман”, деб ёлворганини, шу пайтда эса атрофда ўқ овозлари янграганини эшитиш мумкин.
Уч соатлик кутишдан кейин Исроил армияси қизалоқ бўлган машинага тез ёрдам юборишга рухсат берган. Аммо машина унинг ёнига етиб келган заҳоти қизалоқ билан алоқа узилган. Орадан бир неча кун ўтгач, Ражабнинг жасади унинг қариндошлари билан бирга топилган. Уни қутқаришга ҳаракат қилган, бироқ Исроил томонидан йўқ қилинган тез ёрдам машинасидан ҳам икки ходимнинг жасади чиқариб олинган.
Фильм режиссёри Каутер Бен Хониянинг журналистларга айтишича, дунё ОАВ Ғазода ўлаётган инсонларни “тасодифий қурбонлар” сифатида тасвирлайди.
“Менимча, бу жуда ҳам инсонийликдан маҳрум қилувчи ҳолат. Шунинг учун ҳам кино, санъат ва ҳар қандай ифода тури ўша одамларга овоз ва қиёфа беришда жуда муҳимдир”, дейди Бен Хония.
Ражабнинг онаси Виссам Ҳамада AFP'га берган интервьюсида фильм урушни тугатишга ёрдам беришидан умидвор эканини айтган.
“Бутун дунё бизни ўлишга, оч қолишга, қўрқув ичида яшашга ва мажбуран кўчирилиш ҳолатига ташлаб қўйди. Ҳеч нарса қилишмади”, дейди Ҳамада Ғазо шаҳридан телефон орқали.
Она у ерда ҳозир беш ёшли ўғли билан яшаб келмоқда.
2024 йилнинг июнь ойида “Al Jazeera” телеканалининг “Fault Lines” дастури ҳужум бўйича суриштирув ўтказиб, Forensic Architecture ва Earshot номли нодавлат текширув гуруҳлари билан ҳамкорликда ҳодиса тафсилотларини қайта тиклаган. Уларнинг хулосасига кўра, ўқ узилган пайтда Исроил танки Ражабнинг машинасидан атиги 13-23 метр узоқликда бўлган.
Шунингдек, 2024 йилнинг июлида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам суд-тиббий таҳлилларга асосланиб, Ражабнинг машинаси “фақат исроиллик ҳарбийларга алоқадор бўлиши мумкин бўлган қурол”дан жуда яқин масофадан ўққа тутилганини тасдиқлаган.
Исроил армияси эса ўз аскарларининг қизалоқ бўлган машинага ўқ отиш масофасида бўлмаганини иддао қилиб, ўз қилмишини тан олмаган. Аммо жорий ҳафтада ушбу ҳолат бўйича яна сўров юборилган. Исроиллик расмийлар эса воқеа ҳануз ўрганилаётгани ва қўшимча изоҳ бера олмаслигини маълум қилган.
Live
Барчаси