Исроил 2025 йилдан UNRWA’ни тақиқлайди
Олам
−
29 Октябрь
5758Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам ва ишлар агентлиги (UNRWA) келаси йили Исроил ичидаги "барча фаолиятини" тўхтатиши керак. Шуни назарда тутувчи мунозарали қонун лойиҳаси кеча, 28 октябрь куни Исроил парламентида 10 депутатнинг қарши ва 92 депутатнинг ёқловчи овози билан маъқулланди.
Янги қонунчилик шуни англатадики, UNRWA Фаластин ҳудудларида ўз фаолиятини давом эттира олмайди, чунки Исроил чегара ўтиш жойларини назорат қилади.
АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Мэтью Миллер Исроил қонунчилигидан чуқур хавотир билдирди. Ўзининг кундалик брифингида Миллер Ғазо сектори шимолидаги Жебалия қочқинлар лагерига гуманитар ёрдам етиб бормаётганини ва Вашингтон бу ҳолатни қабул қилмаётганини таъкидлади.
Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми Исроилнинг UNRWA’ни тақиқлашга қаратилган чора-тадбирларидан чуқур таассуф билдирди.
"Исроил парламенти UNRWA фаолиятини тўхтатиш масаласини кўриб чиқаётганидан чуқур афсусдаман", деди Буюк Британия Ташқи ишлар вазири парламентдаги британиялик депутатларга.
Бир кун аввал Германия, Франция, Буюк Британия, Канада, Австралия, Япония ва Жанубий Корея Исроил парламентининг қонун лойиҳалари юзасидан “чуқур хавотир билдирган”.
Кнессет (Исроил парламенти) 28 октябрь куни икки қонун лойиҳасини овозга қўйиши керак эди. Уларнинг мақсади UNRWA’ни “террорчи ташкилот” деб таснифлаш ва Исроил расмийларига у билан алоқа қилишни тақиқлаш. Бундан ташқари, ташкилотнинг Исроилда фаолиятини тақиқлаш таклиф қилинган.
“Associated Press” хабарига кўра, уларнинг биринчиси бўйича овоз бериш кун охирига қадар бўлиб ўтади. Қонун лойиҳалари 2023 йил 7 октябрда ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумида UNRWA’нинг бир неча ходимлари иштирок этгани ҳақидаги маълумотлар туфайли ишлаб чиқилган.
Етти давлат Ташқи ишлар вазирлари баёнотида, БМТ агентлиги айрим ходимларнинг террорчи ташкилотларни қўллаб-қувватлагани ва ислоҳотларга содиқлигини намойиш этгани ҳақидаги иддаоларга жавобан чоралар кўрганини қайд этди.