Исроил ҳужумга жавоб қайтарса, Эрон унинг инфратузилмасини йўқ қилиш билан таҳдид қилди
Олам
−
02 Октябрь
12768Эрон Қуролли кучлари Бош штаби Исроилга Эрон ракета ҳужумига жавоб чораларини кўрса, яҳудий давлати инфратузилмасини бутунлай йўқ қилиш билан таҳдид қилди. Бош штаб баёноти IRIB телеканалида эълон қилинди.
“Агар тажовузкор жавоб қайтарса, у босиб олинган Фаластин ҳудудларидаги ўз инфратузилмаси вайрон бўлишини кутиши керак. Ҳар қандай даражадаги тажовузкор қилган ишидан пушаймон бўлиши керак”, дейилади хабарда.
Эрон Қуролли кучлари Бош штаби, шунингдек, Исроил иттифоқчиларини Эрон Ислом Республикаси билан тўғридан тўғри ҳарбий тўқнашувга киришишдан огоҳлантирди.
“Режим иттифоқчилари Эронга босқин ва ҳужумда бевосита иштирок этса, Ислом Республикаси Қуролли Кучлари минтақавий даражада уларнинг марказлари ва манфаатларини кучли ҳужумга дучор қилади, [бу ҳужум] уларни тавба қилишга мажбур қилади”, дейилади баёнотда.
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг айтишича, икки ой давомида ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хониянинг Теҳронда ўлдирилгани учун жавоб бермади, чунки у Фаластин-Исроил можароси томонларига Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олиш имкониятини бермоқчи эди.
“Бугун кечқурун биз Ғазо ва Ливандаги геноцид учун масъул бўлган ҳарбий объектларга ҳужум қилиш орқали БМТ Низомининг 51-моддасида кўрсатилган ўзимизни ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаландик. Биз Ғазода ўт очишни тўхтатиш учун сўнгги икки ой ичида ақл бовар қилмайдиган даражада вазминликни қўллаганимиздан кейин шундай қилдик", деб ёзди дипломат Х (собиқ Twitter) саҳифасида.
Ўз навбатида, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Исроил телевидениеси орқали эфирга узатилган исроилликларга мурожаатида Эроннинг ўз мамлакатига қарши йирик ракета ҳужумини “катта хато” деб атади ва Теҳрон бунинг учун товон тўлашини айтди.
“Эрон бугун катта хатога йўл қўйди ва бунинг учун у товон тўлайди. Эрон режими бизнинг ўзимизни ҳимоя қилиш ва душманларимиздан қасос олишга бўлган қатъиятимизни тушунмайди. Синвар ва Дейиф буни тушунмади, Насруллоҳ ва Муҳсин буни тушунмади. Теҳронда буни тушунмайдиганлар бор, шекилли. Улар тушунади. Биз ўрнатган қоидамизга амал қиламиз: ким бизга ҳужум қилса, биз ҳам унга ҳужум қиламиз”, дейди у.
Шунингдек, Нетаньяху Эрон ҳужумини муваффақиятсиз деб атади.
“Ушбу ҳужум муваффақиятсизликка учради. Унинг олдига дунёдаги энг илғор бўлган Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари чиқди. Мудофаамизни қўллаб-қувватлагани учун АҚШга ҳам миннатдорлик билдираман”, деган Бош вазир.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 октябрь куни кечқурун Эрон Исроилга ракеталар билан зарба берганди. Исроил армияси радиоси Эрондан Исроилга 200 га яқин ракета учирилганини айтди. Кейинроқ Исроил ҳарбийлари аниқ овоз чиқариб, аҳоли ўз бошпаналарини эркин тарк этишларини билдирди. Исроил Эронга "оғриқли жавоб" беришга ваъда берди. Исроил нашрлари армия бугун, 2 октябрь куни тунда бутун Яқин Шарқ бўйлаб кучли зарба бериши кутилаётганини ёзди.
LiveБарчаси