Исроил “Ҳизбуллоҳ”нинг яна бир қўмондони йўқ қилинганини эълон қилди

Олам

image

Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатининг юқори мартабали вакили Набил Каук Исроил ҳаво кучларининг Байрутдаги гуруҳ нишонларига жорий йилнинг 28 сентябрь куни берган зарбаси оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда бугун, 29 сентябрь куни Исроил Мудофаа вазирлиги хабар берди.

“Ҳизбуллоҳ” ҳозирча бу маълумотга изоҳ бермади, бироқ гуруҳ тарафдорлари бўлган бир нечта ОАВ кечадан бери Каукнинг ўлими ҳақида хабарлар чоп этмоқда.

Исроил Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Каук “Ҳизбуллоҳ”нинг профилактик хавфсизлик бўлими қўмондони ва марказий кенгашнинг юқори мартабали аъзоси бўлган.

“У Исроил ва унинг фуқароларига қарши, жумладан, сўнгги кунларда террорчилик ҳужумларини уюштиришда бевосита иштирок этган”, дейди Исроил ҳарбийлари.

Бир кун аввал “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Ҳасан Насруллоҳ Исроилнинг Байрут чеккасидаги гуруҳнинг ерости қўмондонлик марказига берган авиазарбалари оқибатида ўлдирилгани маълум бўлган эди. Бундан ташқари, Эрон давлат ахборот агентлиги IRNA хабарига кўра, худди шу Исроил ҳужумида “Ҳизбуллоҳ”га ёрдам бериш учун Эрондан Ливанга жўнатилган Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони ўринбосари, генерал-майор Аббос Нилфорушан ҳалок бўлган. 29 сентябрь куни Эрон расмийлари Нилфорушаннинг ўлимига расман изоҳ берди. Мамлакат Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи унинг ўлдирилиши жавобсиз қолмаслигини айтди.

Насруллоҳ ўлиши ортидан Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий хавфсизлик чоралари кучайтирилган мамлакат ичидаги хавфсиз жойга кўчирилди. Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён эса “Ҳизбуллоҳ” етакчисини ўлдиришда АҚШни айблади. Давлат раҳбари ўз баёнотида Насруллоҳни Исроилга қарши кураши учун олқишлади ва “сионистларнинг террор ҳужуми қаршилик оиласини ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ қилишини” таъкидлади.

Насруллоҳнинг ўлими тасдиқлангач, Исроил Байрутга ҳаво ҳужумларини давом эттирди. “Ҳизбуллоҳ”     ҳам Исроил ҳудудини ўққа тутишда давом этди. Бундан ташқари, Исроил ҳарбийлари бошқа давлатлардан учирилган ракета ва дронларни тутиб олгани ҳақида хабар берган. Шу тариқа, 28 сентябрь куни Ямандан келган ракета тутиб олинган, 29 сентябрда эса Ироқдан учувчисиз учиш аппарати учирилгани маълум бўлди.

Эрон парламенти спикери Муҳаммад Бағир Ғолибаф “қаршилик гуруҳлари” ёрдамида Эрон Исроилга қаршилик кўрсатишда давом этишини айтди. Шу билан бирга, Эрон Исроилнинг Ливандаги ҳарбий амалиётлари фонида БМТ Хавфсизлик кенгашини чақиришни талаб қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ливан Ҳизбуллоҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made