Испаниялик ҳакамлар Пересни жазолашни талаб қилди
Спорт
−
15 Май 1370 2 дақиқа
Испания футбол ҳакамлари уюшмаси Испания Қироллик футбол федерацияси Мусобақалар қўмитасидан Флорентино Пересни асоссиз айбловлар учун товон пули тўлашга мажбур қилишни талаб қилди. Бу ҳақда “EL Pais” нашри хабар берди.
Жорий йилнинг 13 май куни Мадриднинг “Реал” клуби президенти Флорентино Перес клуб собиқ техник ҳакамлар қўмитаси вице-президенти Хосе Мария Энрикес Негрейра иши юзасидан Европа футбол уюшмалари иттифоқига мурожаат қилишга тайёрланаётганини маълум қилганди.
Переснинг айтишича, Негрейранинг ҳаракатлари нафақат “Реал”, балки бошқа клубларга ҳам зарар етказган ва Каталониянинг “Барселона” клуби эса бундан фойда кўрган. Шундан сўнг “Барселона” Переснинг баёнотлари юзасидан судга мурожаат қилиш масаласини кўриб чиқаётганини билдирган.
Ҳакамлар уюшмаси баёнотида Переснинг гаплари фикр билдириш эркинлиги билан изоҳланмаслиги таъкидланган.
“Жаноб Перес оддий ҳакамлик хатолари ҳақида эмас, балки бутун ҳакамлар тизимини йигирма йил давомида жиноят содир этганликда айбламоқда”, дейилади баёнотда.
Уюшма Мусобақалар қўмитасидан Пересга тергов давом этаётган пайтда бундай баёнотлар беришни тақиқлашни, ҳакамларга етказилган маънавий ва касбий зарар учун товон ундиришни ҳамда Мадриднинг “Реал” клубидан оммавий равишда узр сўрашни талаб қилишни сўради.
Маълумот учун, 2023 йил февраль ойида оммавий ахборот воситаларида “Барселона” 2016-2018 йиллар оралиғида Негрейрага ҳакамлик ҳисоботлари учун қарийб 1,4 миллион евро тўлагани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Ўша йилнинг март ойида суд прокуратуранинг “Барселона”га қарши шикоятини қабул қилган. Унда клуб 2001-2018 йиллар давомида Негрейрага 7 миллион евродан ортиқ маблағ ўтказгани айтилган.
2023 йил сентябрь ойида “Барселона” пора беришда айбланган, бироқ суд 2024 йил май ойида ушбу айбловларни бекор қилган.
Негрейранинг ўзи эса “Барселона”га ҳакамлар қарорлари бўйича маслаҳат хизматлари кўрсатганини айтган. Унинг сўзларига кўра, клуб ҳакамларнинг ўзларига қарши қарор чиқармаслигига ишонч ҳосил қилишни истаган.
2025 йил октябрь ойида оммавий ахборот воситаларида “Барселона” ушбу иш бўйича расман гумонланувчи сифатида судга чақирилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Декабрь ойида эса нашрлар Мадриднинг “Реал” клуби “Барселона”га қарши кўп миллион долларлик даъво киритиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида ёзди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу можаролар фонида Перес “Барселона” билан алоқаларни бутунлай узганини маълум қилганди.
Live
Барчаси