Испанияда рекорд миқдордаги кокаин мусодара қилинди
Олам
−
05 Май 1744 1 дақиқа
Испания ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари Атлантика океанида кема орқали олиб келинган йирик партиядаги кокаинни қўлга киритди. Бу ҳақда кеча, 4 май куни CBS News хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, мусодара қилинган наркотик модда ҳажми 35–40 тонна атрофида бўлиб, бу мамлакат тарихидаги энг йирик операциялардан бири бўлиши мумкин. Испания фуқаро гвардияси Канар ороллари яқинидаги халқаро сувларда кемани тўхтатган. Амалиёт давомида қарийб 20 нафар шахс ҳибсга олинган. Манбага кўра, кема юкхонаси тўлиқ кокаин билан тўлдирилган бўлган.
Кема Сьерра-Леоне пойтахти Фритаундан Ливиянинг Бенгози шаҳрига йўл олган. Бироқ мутахассислар фикрича, бундай ҳажмдаги юкни бир портда тушириш қийин бўлгани учун наркотиклар Европага кичик кемалар орқали тарқатилиши режалаштирилган бўлиши мумкин.
Испания Ички ишлар вазири Фернандо Гранде-Марласка бу мусодарани нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги энг йириклардан бири деб атаган. Тергов сир сақланаётгани сабабли қўшимча тафсилотлар очиқланмаган.
Маълумот учун, Испания географик жойлашуви туфайли Европа учун наркотиклар кириб келадиган асосий йўналишлардан бири ҳисобланади ва сўнгги йилларда бундай йирик мусодаралар бир неча бор қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шри-Ланкада 22 нафар буддист роҳиб 110 килограммдан ортиқ наркотик моддаларни олиб киришга уринган пайтда қўлга олинганди.
Ойбек Рустамов
Live
Барчаси