Испания ҳантавирус тарқалган кемани қабул қилади
Олам
−
13:58 1196 2 дақиқа
Испания бортида ҳантавирус тарқалиши кузатилган Нидерландияга тегишли MV Hondius круиз кемасини қабул қилишга рози бўлди. Бу ҳақда “El Confidencia” нашри ёзмоқда.
Мадрид Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан юборилган ва Европа Иттифоқи билан келишилган сўровни маъқуллаган. Ҳозирда кема Кабо-Верде ҳудудида лангар ташлаб турибди.
Дастлаб вазиятни Европа касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази баҳолаб чиқади. Шу асосда Кабо-Верде ҳудудидан кимларни зудлик билан эвакуация қилиш кераклиги аниқланади. Қолган йўловчилар эса сафарни давом эттириб, Канар оролларига йўл олади. Кеманинг у ерга 3–4 кун ичида етиб бориши кутилмоқда, аммо айнан қайси портга кириши ҳозирча аниқ эмас.
Кема етиб келгач, барча йўловчилар ва экипаж аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилади, зарур ёрдам кўрсатилади ва кейинчалик ўз давлатларига юборилади.
Шунингдек, Испания Нидерландия томонидан юборилган илтимосни ҳам қабул қилиб, оғир аҳволда бўлган шифокорни зудлик билан Канар оролларига тиббий самолёт орқали олиб келишга рози бўлган.
Кема бортида жами 147 киши бор. ЖССТ маълумотига кўра, улардан 7 киши ҳантавирус юқтирган: 3 нафари вафот этган, яна 1 нафари оғир аҳволда. Ушбу вирус одатда каламушлар ёки бошқа кемирувчилар билан бевосита алоқа қилиш ёки уларнинг чиқиндилари орқали одамларга юқади.
Маълум қилинишича, кема экипажи таркибида бир нафар Россия фуқароси ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япониянинг Аомори префектурасида парранда гриппи авж олгани сабабли 230 минг бош товуқ йўқ қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси