Исмоилов Мирзиёевнинг мактубини Алиевга етказди

Жамият

image

Кеча, 16 май куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги парламент делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Нурдинжон Исмоилов Озарбайжон Президенти Илҳом Aлиевга 28 май – Озарбайжон Мустақиллиги куни муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг табрик мактубини топширган.

Шунингдек, учрашувда Озарбайжон тарихий, тил ва маданий муштаракликлари билан боғланган қардош Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлиги таъкидланган. Илҳом Алиев Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиши муҳимлигини билдирган.

“Президент Илҳом Алиев мамлакатларимизнинг бошқа халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ, ЕХҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги муваффақиятли ҳамкорлигига ҳам тўхталиб ўтди. Давлатимиз раҳбари қардош туркий давлатларнинг Озарбайжон ҳудудий яхлитлигини тиклаш масаласига муносабатини мамлакатимиз юксак қадрлашини таъкидлади”, дейилади хабарда.

Шунингдек, учрашувда икки томонлама кўп қиррали муносабатларнинг ривожланиш динамикаси юқори баҳоланиб, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилган.

Самимий мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кўп томонлама алоқаларни изчил ривожлантириш, парламентлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан фикр алмашилган. Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашувда икки томон манфаатларига хизмат қилувчи бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

66

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг