Ислом Каримов набиралари 8 йил ўтиб топишди
Жамият
−
15 Январь 2022
53477Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг набиралари Имон (Гулнора Каримованинг қизи) ва Марям (Лола Каримова-Тилляеванинг қизи) орадан 8 йил ўтиб учрашди. Бу ҳақда улар ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали хабар берди.
Учрашув олдиндан режаланмагани ва кутилмаган бўлгани уларнинг ҳаяжонидан маълум.
Хабарингиз бор, 2013 йилда Гулнора Каримова ва унга алоқадор ширкатлар билан боғлиқ муаммолар бошлангандан сўнг Гулнора Каримова ва унинг қизи ҳеч қаерда кўриниш бермади. Ҳатто, Президент Каримовнинг дафн маросими ҳам уларсиз ўтди. Халқаро даражадаги қабул маросимида оила номидан Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова ва қизи Лола Каримова иштирок этди.
Биринчи Президент Ислом Каримовнинг ўлимидан бир йил ўтиб, Имон Каримова ҳам оила аъзоси сифатида 31 август куни Оқсарой мажмуасида ўтказилган хотира маросимида холаси Лола Каримова-Тилляева билан иштирок этди. Унинг акаси Ислом Каримов эса онаси ҳибслангандан кейин Тошкентда кўриниш бермаган.
2018 йилнинг октябрь ойига келиб, Имон Каримова ижтимоий тармоқлар орқали “Холангиз билан алоқангиз борми?”, дея йўлланган саволга, қўл силтаб жавоб бериб, муносабатлари узилганини ошкор қилган эди.
2016 йилда Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов BBC’га интервью бериб, онаси ва холасининг муносабатлари ҳали анча йиллар аввал бузилганини айтиб, бунда бобосини айблаганди.
“Ойим ва синглиси орасида ёшликларида нормал муносабатлар бўлиб келган. Ягона муаммо шуки... Мен бунда кўпроқ бобомни айблайман. Чунки ойим математика мактабини олтин медаль билан битирган. Бобомнинг изидан борган. Ойим спорт билан шуғулланган, қора камар олган. Ўз карьерасини қуришни бошлаган. У нима қилса, холам буни такрорлашни истаган. Лекин, нега? Ўйлайманки, сабаби – бобом бутун умр холамга гапирган “Нега опангга ўхшолмайсан? Нега мана буни қилолмайсан? Нега яхши ўқимайсан? Нега “У” бўлолмайсан?”
Мен ўз қизларингга бундай муносабат қилиш нотўғри деб биламан. Шунинг учун, бу унинг айби деб ўйлайман. Лекин, факт шуки, бу унга таъсир қилган. Холам бутун умр буни эшитгани учун, унда комплекс пайдо бўлган. Мана ҳозир жамғарма тузилибди. Мамлакатда ҳамма биладики, бизда жамғарма аллақачон бор эди. Журнал ҳам бор эди, у ҳам журнал чиқаряпти. Буни исботлашга ҳам ҳожат йўқ. Бутун умр ўзаро пойга бўлган. Холам ҳам нималаргадир қодир эканини кўрсатишга интилган. Ўйлашимча, нафрат шундай пайдо бўлган, чунки холам барибир ойим даражасига чиқа олмаган. Булар кейин кўпириб жисмоний муаммога айланган. Бошида бу фақат ҳиссиётлар даражасида бўлган бўлса, ҳозир бу ҳаётимизда акс этяпти. Бу адоват туфайли оилалар барбод бўляпти”, деган эди кичик Ислом Каримов.
Гулнора Каримова ҳибслангач, унинг ўғли ва қизи Лондонга кўчиб ўтди. Бу орада Имон бир неча бор Ўзбекистонга келди. 2020 йилда бувиси Татьяна Каримова билан ҳам учрашиб, бобосининг Оқсарой қароргоҳидаги кабинетида бўлди. Ислом эса Ўзбекистонга қадам босмади ва Лондонда уйланди. Куни кеча у фарзандли бўлганини эълон қилди. 50 ёшни қаршилаш арафасида турган Гулнора Каримова эса ҳамон қамоқда қолмоқда.
2016 йилдан кейин Лола Каримова турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтди. У АҚШдан туриб “Сен ёлғиз эмассан” хайрия жамғармаси ва Ислом Каримов номидаги Республика жамоат фондини юритмоқда. Шунингдек, “The harmonist” атторлик моллари брендига ҳам асос солган.
Лола Каримованинг қизи Марям Тилляева ўтган йилнинг ўрталаридан бошлаш жамоатчилик оғзига тушган. У россиялик блогер Амиран Сардаровга турмушга чиқди. Айни вақтда Москвага кўчиб ўтган. Бундан бир неча ой аввал ижтимоий тармоқларда унинг ноқабул кўринишдаги сурати пайдо бўлди. Буни жамоатчилик фаоллари бобосининг хотирасига ҳурматсизлик сифатида баҳолади. Лола Каримова эса қизининг хатти-ҳаракатларини Ислом Каримовнинг президентлик фаолияти ва ғоялари билан боғламасликни сўради.
Набира куёв Амиран Сардаровнинг маълум қилишича, айни вақтда қайнота-қайнонаси улар билан алоқани узган. Улар Марямнинг куёв борасидаги танловига бош-бошидан қарши чиққан.