Ислом Каримов иштирокидаги видео экстремистик материал деб топилди
Жамият
−
22 Март
84142Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати террорчилик ташкилоти раҳбари Тоҳир Йўлдош ўртасидаги суҳбат акс этган видео судга оид диншунослик экспертизасининг 2023 йил 17 октябрдаги экспертизаси хулосасига кўра, экстремистик ва конституциявий тузумга тажовуз қилишни ифодаловчи материаллар қаторига киритилди. Бу ҳақда “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.
“Мен иловада келтираётган видеолавҳа 1991 йили Наманганда президент Ислом Каримовнинг ташрифи муносабати билан олинган. Кейинчалик АҚШнинг Афғонистондаги аксилтеррор кучлари томонидан йўқ қилинган террорчи Тоҳир Йўлдошнинг президент билан мунозараси видеода акс этади”, деган у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.
Қайд этилишича, орадан 33 йил вақт ўтишига қарамай, бугун мазкур видеони кимгадир юборган шахс конституциявий тузумга тажовуз қилган ҳисобланади.
Мисол учун, айни пайтда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани "Чирчиқ" маҳалласи Шодон кўчасида яшовчи фуқаро С.Ш. шу видео ҳаволасини отасига улашгани учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси (Конституциявий тузумга тажовуз қилиш) билан айбланмоқда.
“Currenttime” нашри томонидан эълон қилинган С.Ш.нинг айблов хулосасида келтирилишича, гумонланувчи ўтган йилнинг сентябрь ойида отасига Каримов ва Тоҳир Йўлдош иштирокидаги видеони жўнатгани учун қўлга олинган. Суд-теологик экспертизаси ҳам ушбу видеони “экстремистик” хусусиятга эга деб топган.
Айни пайтда 1991 йилда Наманганда содир бўлган воқеа видеоси бундан ўн йил аввал YouTube платформасига жойланган бўлиб, ҳозиргача омма эътиборида. Уни деярли етти миллион киши томоша қилишга ҳам улгурган.
1991 йил 9 декабрда содир бўлган воқеаларда террорчилик гуруҳи вакиллари Ислом Каримов олдига бир қанча талабларни қўйган, биринчи президент эса уларни кўриб чиқишини айтган.
Экспертларнинг фикрича, 2009 йилда ўлдирилган Тоҳир Йўлдошни 2016 йилда Олий суд экстремистлар рўйхатига киритган. Шу боис ҳам унинг нутқи ёки сурати туширилган ҳар қандай материаллар амалдаги давлат тузумига тажовуз сифатида баҳоланади.
LiveБарчаси