Ишонч инқирозга юз тутмоқда – Шавкат Мирзиёев
Жамият
−
01 Сентябрь 14071 2 дақиқа
Дунё давлатлари ўртасида ўзаро ишонч инқирози кетмоқда ва бу хавфсизлик ва барқарорлик архитектураси асосларига путур етказмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 1 сентябрь куни куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тяньцзинь саммитидаги нутқида сўз очди.
Унинг қайд этишича, иқтисодий, интеллектуал, ресурс ва технологик йўналишларда улкан салоҳиятга эга бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти халқаро майдонда ўз таъсирини изчил кенгайтириб бормоқда. Глобал ноаниқлик кузатилаётган ҳозирги шароитда бу муҳим аҳамиятга эгадир.
“Ишончнинг тизимли инқирози, можароларнинг кенгайиб бораётгани, кўп томонлама институтларнинг заифлашиши ва жаҳон савдо тизимининг парчаланиши халқаро хавфсизлик ва барқарорлик архитектураси асосларига путур етказмоқда. Бундай шароитда ШҲТ давлатларининг бир-бирини ўзаро тушуниши ва бирдамлиги – бу фақат қимматли бойлик эмас, балки бизнинг бепоён минтақамизда тинчликни сақлашнинг калитидир.
Айниқса, ШҲТ тенг ҳуқуқли мулоқот, ўзаро ҳурмат ва шериклик макони бўлиб қолаётгани муҳим. Айнан шу жиҳат манфаатлар мувозанатини таъминлаш ва замонамизнинг энг мураккаб хавф-хатарларига биргаликда жавоб топиш имконини бермоқда”, дейди Президент.
Шавкат Мирзиёев сўзида давом этаркан, ташкилотининг изчил кенгайиш тарафдори эканини баён қилди.
“Биз Ташкилотнинг изчил кенгайиши тарафдоримиз. Чунки “ШҲТ модели”нинг муваффақияти унинг очиқлиги ва кенг кўламли ҳамкорликка йўналтирилганидадир. Биз ўз келажагини ШҲТ билан боғлиқ ҳолда кўраётган давлатларнинг интилишларини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.
ШҲТнинг мулоқот бўйича шериклари таркиби, жумладан, бошқа минтақа давлатлари ҳисобидан кенгайиб бораётгани Ташкилотни Глобал Жануб мамлакатлари билан ҳамкорлик платформасига айлантиришга ёрдам беради”, дейди Ўзбекистон раҳбари.
Маълумот учун, ШҲТ саммити 31 августдан 1 сентябргача Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Унда Россия Президенти Владимир Путин, 20 дан ортиқ давлат раҳбарлари ва 10 та халқаро ташкилот вакиллари иштирок этмоқда. Саммит якунида ҳамкорлик бўйича 15 та янги ҳужжат имзоланди. ШҲТ 2001 йил 15 июнда Шанхайда ташкил топган. Дастлаб у олтита давлат – Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Тожикистон ва Ўзбекистонни ўз ичига олган бўлса, 2017 йилда уларга Ҳиндистон ва Покистон, 2023 йилда Эрон, 2024 йилда Беларусь қўшилди.
Live
Барчаси