Ишини эплай олмаган вазирлар истеъфога чиқади – Президент
Жамият
−
20 Декабрь 2022
4779Бундан буён қайси вазир ўз ишини эплай олмаса, истеъфога чиқади ва тизимда коррупцияга йўл қўйилса вазирлар ҳам жавоб беради. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 20 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаётган мурожаатида айтиб ўтди.
“Биз коррупция ҳақида кўп гапирамиз, лекин тизимида коррупцияга йўл қўйилса, нима учун вазир жавоб бермаслиги керак? Энди сўров бошқача бўлади. Вазир ўз тизимига ажратилган маблағларни самарали ва мақсадли ишлатиш бўйича биринчи бўлиб, ўзи жавоб беради”, дейди давлат раҳбари.
Унинг урғулашича, давлат вакиллари, вазирлар ўзининг ҳалол меҳнати, оддийлиги, халқсеварлиги, самимийлиги ва фидойилиги билан одамларимиз меҳрини қозониши керак.
“Энди, вазирларнинг сиёсий масъулияти оширилиб, Ҳукумат қарорлари лойиҳалари, мамлакатимиз ҳаётига оид муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар бевосита вазирлар иштирокида коллегиал ҳал этилади”, дейди Президент.
Шунингдек, ҳар бир вилоятдаги муаммоларни ечиш учун, ҳар ойда жойига чиққан ҳолда “Ҳукумат куни” ўтказилиши йўлга қўйилади.
Бундан буён вазир ҳар йил бошида жамоатчилик олдида соҳадаги режаси ва йил якуни билан эса унинг натижаси бўйича ҳисобот беради.
“Таъкидлаб айтмоқчиман – энди, қайси вазир ўз ишини эплай олмаса, истеъфога чиқади”, дейди Шавкат Мирзиёев.
LiveБарчаси