ИШИДнинг икки муҳим жангариси йўқ қилинди – АҚШ Марказий қўмондонлиги

Олам

image

Кеча, 6  октябрь куни АҚШнинг Сурия шимолидаги ҳаво ҳужуми натижасида “Исломий давлат” террорчилик гуруҳининг икки юқори мартабали аъзоси йўқ қилинди. Бу ҳақда АҚШ Марказий қўмондонлиги хабар берди.

Қайд этилишича, гап Суриядаги ИШИД етакчисининг ўринбосари Абу Ҳашум ал-Умавий ва у билан алоқадор бўлган ИШИДнинг юқори мартабали аъзоси ҳақида кетмоқда. 

Марказий қўмондонликнинг хабар беришича, операция давомида америкалик ҳарбийлардан ҳеч ким жабрланмаган. АҚШ ҳарбий техникасининг йўқолиши ёки шикастланиши ҳам қайд этилмаган.  

“Ушбу ҳужум ИШИДнинг минтақани беқарорлаштириш ҳамда бизнинг кучлар ва ҳамкорларимизга ҳужум қилиш қобилиятини заифлаштиради”, дея Қуролли кучлар марказий қўмондонлиги қўмондони Майкл Курилл. 

Аввалроқ Пентагон 6 октябрга ўтар кечаси ИШИДнинг яна бир юқори мартабали амалдори Раккан Воҳид аш-Шамрий вертолёт рейдида ўлдирилгани ҳақида хабар берган эди. 

Сурияда ИШИД етакчиларининг ўлими

Қўшма Штатлар "Исломий давлат" террор гуруҳига қарши кураш бўйича халқаро коалицияга бошчилик қилмоқда. Июль ойида АҚШ Мудофаа вазирлиги Суриядаги ИШИД етакчиси Маҳер ал-Агал ўлдирилгани ҳақида хабар берган эди. Пентагон маълумотларига кўра, у мамлакат шимолида учувчисиз ҳаво ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган. 

Жорий йилнинг бошида ИШИД етакчиси Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қураший АҚШнинг Суриядаги тунги амалиёти чоғида ўлдирилган эди. Хабар қилинишича, у ўзини портлатиб юборган, шунингдек, оиласининг бир қанча аъзолари, жумладан, аёллар ва болаларни ҳам ўлдирган. 

Террорчи гуруҳ 2019 йил март ойида Сурияда назорати остидаги сўнгги ҳудуд устидан назоратни йўқотганидан бери ИШИДнинг қолган жангариларининг аксарияти ер остига ўтишган. Улар хавфсиз уйлардан курд жангарилари ва Сурия ҳукумати аскарларига ҳужум қилишда давом этмоқда, шунингдек, қўшни Ироқда ҳам ҳужумлар уюштирмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

ИШИД

Баҳолаганлар

75

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг