Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра, Қозоғистондаги ЙТҲ бўйича ҳукумат комиссияси тузилди
Жамият
−
20 Апрель 2019
579320 апрель шанба куни тонгги соат 05:09да Қозоғистоннинг Жамбул вилояти Қордай туманидаги “Чимкент-Олма-ота” трассасининг 181-километрида автобус иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган эди.
Маълум бўлишича, воқеа жойига Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги элчихонаси ходимлари зудлик билан етиб боришган. Шунингдек, масъуллар жароҳатланганлар ётқизилган шифохонада ҳам бўлишиб, уларнинг ҳозирги ҳолатидан хабар олишган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссия таркиби фавқулодда вазиятлар, ташқи ишлар, ички ишлар, соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа идоралар вакилларидан иборат.
Комиссия аъзолари жабрланганларга ёрдам кўрсатилишини ташкил қилиш ва ЙТҲ сабабларини ўрганиш мақсадида воқеа жойига етиб борган.
Ҳукумат комиссиясига Қозоғистон томони билан келишилган ҳолда ҳалок бўлганлар ва жабрланганларни ватанга олиб келиш, уларнинг оилаларига зарур ёрдам кўрсатишни ташкил этиш вазифаси топширилган.
Олдинроқ, ЙТҲда вафот этган ўзбекистонликларнинг шахслари маълум қилинган эди.