Ироқ пойтахтига дрон ҳужуми уюштирилди

Олам

image

Ироқ пойтахти Бағдод шарқида жойлашган “Ал-Ҳашд аш-Шабиий” бўлинмаларидан бирининг штаб-квартирасига учувчисиз самолёт ҳужум қилди. Бу ҳақда “Shafaq News” ахборот портали хабар берди.

Қайд этилишича, ҳужум оқибатида эронпараст “Ҳизбуллоҳ ал-Нужаба” ҳаракати қўмондонларидан бири ва унинг тарафдори Абу Тақва ҳалок бўлди. У ҳаракатнинг 12-бригадасини бошқарган. Ҳаво ҳужуми оқибатида камида олти киши жароҳатланган.
 
“Ҳизбуллоҳ ал-Нужаба” ўз қўмондони ўлганини тасдиқлади ва содир бўлган воқеаларда АҚШни айблади. Портал манбаларига кўра, дрон ҳужумининг нишони Бағдоддаги логистика кучларининг бош қароргоҳи бўлган.

Ироқ Бош вазири Муҳаммад ас-Суданийнинг ҳарбий матбуот котиби генерал Яҳё Расул эса “Ал-Ҳашд аш-Шабиий” штаб-квартирасига қилинган ҳужумда АҚШ бошчилигидаги ИШИДга қарши халқаро коалицияни айблади

Расулнинг таъкидлашича, амалда ушбу террористик ҳужум оқибатида Ироқ пойтахтида одамлар ҳалок бўлган.

“Ҳукумат томонидан берилган расмий ҳужжатлар асосида иш олиб бораётган “Ал-Ҳашд аш-Шабиий” милициясига ҳужумни ҳеч қандай баҳона билан оқлаб бўлмайди. Ироқ Қуролли кучлари ҳужум учун коалиция кучларини жавобгар деб ҳисоблайди. Бу воқеа Ироқ Қуролли кучлари ва ИШИДга қарши халқаро коалиция ўртасидаги барча келишувларни бузади”, дейди генерал.

Унинг айтишича, Ироқ хавфсизлик кучлари ҳаво ҳужумларига учраган Бағдоддаги “Ал-Ҳашд аш-Шабиий” идораси ҳудудида чора-тадбирларни кучайтиришни бошлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ироқ дрон ҳужуми

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг