Ироқнинг собиқ президенти БМТда юқори лавозимга сайланди
Олам
−
19 Декабрь 2798 1 дақиқа
БМТ Бош Ассамблеяси Ироқ вакили Барҳам Аҳмад Солиҳни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича навбатдаги Олий комиссари этиб сайлади. У 2026 йил 1 январдан бошлаб беш йил муддатга БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармасини (UNHCR) бошқаради. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий сайтида хабар берилди.
Солиҳ ушбу лавозимда италиялик Филиппо Грандининг ўрнини эгаллайди. Янги Олий комиссар Ироқ ва Ироқ Курдистонида 30 йилдан ортиқ вақт давомида давлат хизматида иш тажрибасига эга. У 2018-2022 йилларда Ироқ президенти лавозимида фаолият юритган, шунингдек, Курдистон минтақавий ҳукумати бош вазири сифатида икки бор (2001-2004 ва 2009-2012 йилларда) ишлаган. Бундан ташқари, у 2004-2009 йилларда Ироқ бош вазири ўринбосари бўлган ва айни пайтда режалаштириш вазири лавозимини ҳам эгаллаган.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг айтишича, Солиҳ дипломатик, сиёсий ва маъмурий раҳбарлик соҳасида катта тажрибага, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва гуманитар фаолият масалаларида чуқур тушунчага эга. Унинг фаолияти халқаро ва минтақавий жараёнларда иштирок этиш, инқирозли музокаралар олиб бориш ҳамда миллий ислоҳотларни амалга ошириш тажрибасини ўз ичига олади. У 2003 йилдан кейин Ироқнинг урушдан кейинги тикланиш жараёнида муҳим роль ўйнаган.
Live
Барчаси