Ироқда намойишчилар парламентга бостириб кирди

Олам

image
0:00
0:00
download

Кеча, 27 июль куни Ироқда Инсон ҳуқуқлари бўйича собиқ вазир Муҳаммад ал-Суданийнинг Ҳукумат раҳбари этиб тайинланишига қарши чиққан ва шиалар етакчиси Муқтада ас-Садрнинг тарафдори бўлган юзлаб одамлар Бағдоддаги “Яшил ҳудуд”га бостириб кирди ва парламент биносини эгаллаб олди. Бу ҳақда воқеа жойидан “Shafaq” агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, намойиш вақтида парламентда биронта ҳам депутат бўлмаган. 

“Яшил ҳудуд” Ироқ пойтахтининг алоҳида муҳофаза қилинадиган сектори бўлиб, у ерда ҳукумат бинолари, халқаро аэропорт ва ҳарбий аэродром жойлашган. Намойишчилар парламентга ҳужум қилиб, Муҳаммад ал-Суданий номзодининг мамлакат Бош вазири лавозимига кўрсатилишига норозилик билдирган. Чунки улар Суданийни Эроннинг одами деб ҳисоблайди.

Ҳукумат раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи Мустафо ал-Козимий намойишчиларни бинони тарк этишга чақирган, аммо намойишчилар уни эшитмаган ва байроқларни кўтариб, қўшиқлар куйлаган, рақс тушган.

РБК хабарига кўра, намойишлардан хабар топган Муқтада ас-Садр ўзининг Twitter саҳифасида намойишчиларга мурожаат қилган.

“Икки ракат намоз ўқинг ва уйингизга соғ-саломат қайтинг”, деган ас-Садр.

“Al Arabiya” телеканалига кўра, намойишчилар парламентдан чиқиб кетгач, хавфсизлик кучлари Бағдоддаги ҳукумат ва дипломатик муассасалар жойлашган “Яшил ҳудуд”ни тўсиб қўйишга киришган ҳамда у ерга қўшимча кучлар юборилган.

Телеканал манбасининг қайд этишича, бу Ислом инқилоби посбонлари корпусининг (ИИПК) “Қудс” бўлинмаси қўмондони Исмоил Каанийнинг Бағдодга келиши билан боғлиқ. ИИПК Эроннинг элита ҳарбий-сиёсий тузилмаси ҳисобланади ва у мамлакат ташқарисидаги операцияларни амалга ошириш учун жавобгардир.

Ироқдаги сиёсий инқироз 2021 йил октябрь ойидан бери давом этмоқда. Деярли бир йил давомида мамлакат парламенти Ҳукумат таркибини шакллантира олмади, чунки сиёсий партияларнинг ҳеч бири ҳал қилувчи кўпчилик овозга эга эмас. 2022 йил июнь ойида “Садрчилар ҳаракати” партияси кўпчилик овоз тўплай олди, бироқ парламентдан чиқиб, мухолифатга ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ироқ парламент намойишчилар Муқтада ас-Садр

Баҳолаганлар

88

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг