iPhone ишлаб чиқарувчи миллиардер Тайвань Президенти бўлмоқчи
Олам
−
29 Август 2023
6762iPhone ишлаб чиқарувчи Foxconn компанияси асосчиси, миллиардер Терри Гоу Тайвань президентлиги учун курашда энг сўнгги иштирокчига айланди. Бу ҳақда Тайваннинг “ETToday” ахборот портали хабар берди.
Терри Гоу 28 август куни Тайванда бўлиб ўтадиган сайловда мустақил номзод сифатида иштирок этишини маълум қилди. Ушбу сайлов 2024 йил январь ойида бўлиб ўтади ва унга муваффақиятли рўйхатдан ўтиш учун миллиардерга 290 мингта ёқловчи имзо керак бўлади.
Агар Гоу сайловда ғолиб бўлса, дунёдаги демократик йўл билан сайланган энг бой раҳбарга айланиши мумкин. Ҳозирда бу унвон Британия бош вазири Риши Сунакга тегишли бўлиб, унинг бойлиги 909 миллион долларга баҳоланмоқда.
Маълумот учун, 72 ёшли тадбиркорнинг бойлиги қарийб 7,2 миллиард долларни ташкил этади. У Тайванлик миллиардерлар орасида олтинчи, Форбес талқини бўйича дунёнинг энг бадавлат одамлари рейтингида 317-ўринни эгаллаган. Шунингдек, Терри Гоу 2005 йилдан 2021 йилгача ушбу журнал томонидан камида олти марта Тайваннинг энг бой одамлари рейтингида 1-ўринни банд этган.
Bloomberg Billionaires Index рейтингида эса, Терри Гоунинг бойлиги 6,97 миллиард долларга баҳоланган ва у оролнинг тўртинчи энг бадавлат тадбиркори сифатида талқин этилган. Агентликка кўра, у жаҳон рейтингида 333-ўринда туради.
Эслатиб ўтамиз, Кремль 2024 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида Путинга “рақиб” бўладиган номзодларнинг дастлабки рўйхатини тузди.
LiveБарчаси