Кремль 2024 йилги сайловларда Путиннинг “рақиб”лари рўйхатини тузди
Олам
−
29 Август 2023
13911Кремль 2024 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида Путинга “рақиб” бўладиган номзодларнинг дастлабки рўйхатини тузди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Медуза” хабар берди.
Тахминларга кўра, учта партия – Россия Федерацияси Коммунистик партияси, Либерал-демократик партия ва “Янги одамлар” партияси – ўз номзодларини кўрсатиши кутилмоқда. “Адолатли Россия” раҳбари Сергей Миронов эса шу йилнинг февраль ойида унинг партияси бўлажак сайловларда Путинни қўллаб-қувватлашини айтган.
Манбаларга кўра, Россия Федерацияси Коммунистик партияси Геннадий Зюганов номзодини илгари суради, чунки у “номзодликка ўрганиб қолган” ва партиянинг раҳбари сифатида юқори мақомга эга. Шу билан бирга, унинг номи “ҳар бир сайловчига таниш” бўлсада, Зюганов Коммунистик партия электоратининг овозидан ортиғини ололмаслигига ишонишади. Сиёсатчи янги сайловчиларни жалб қила олмаслиги кутилмоқда.
Либерал-демократик партия номзоди партия етакчиси Леонид Слуцкий бўлиши мумкин. Суҳбатдошларнинг айтишича, унинг ўзи “сайловда қатнашмоқчи, чунки у пиарни яхши кўради”. Манбалардан бири сиёсатчи омма олдида чиқишни яхши кўришини, шунинг учун у келаси йил, хусусан, теледебатлар орқали “шахсий шуҳрат қозонишни” режалаштираётганини таъкидлаган.
“Янги одамлар” номзоди билан боғлиқ вазият анча мураккаб. Партия ўз номзоди сифатида Алексей Нечаевни кўрсатиши кутилмоқда. Бироқ, у оз сонли овоз тўплашини тушунади ва буни хоҳламайди, шунинг учун у иштирок этишдан бош тортади. Унинг фикрича, бундай кам сонлар унинг тарафдорларини навбатдаги парламент сайловларида депутатликдан ўрин олишига тўсқинлик қилади.
“Нечаев ўзининг ўрнига Давлат Думаси вице-спикери Владислав Даванковни таклиф қилмоқда, у ҳозир Москва мэри лавозимига даъвогарлик қилмоқда. Бироқ, Президент апарати бу номзоддан қониқмаяпти. Даванков бутунлай тизимли сиёсатчи бўлса-да, Кремль Нечаевнинг иштирок этишини талаб қилишда давом этмоқда. Бу ёш масаласи. Даванков 39 ёшда, у пиарни яхши кўради, омма олдида нормал гапира олади. Ёш ва фаол номзод сайловчини президентнинг ёши ҳақида ўйлашга мажбур қилиши мумкин”, дейилади мақолада.
Манбаларга кўра, Кремль номзодларни танлашда бир қанча мезонларга амал қилган. Шулар орасида ёш муҳим роль ўйнади: Путиннинг қарилигига эътибор қаратмаслик учун барча потенциал “президентлар” 50 ёшдан “қари” бўлиши керак. Шунингдек, Президент маъмурияти 2018 йилги сайловлар олдидан тўсатдан машҳурликка эриша бошлаган Грудинин билан боғлиқ вазият такрорланишини истамайди.
Суҳбатдошлардан бири таъкидлашича, сайлов пойгасининг потенциал иштирокчилари янги тарафдорларни жалб қилиш учун харизма ва потенциалга эга бўлмаган ва “Путинга таҳдид солмайдиган” “жиддий одамни” қидириш принципи асосида танланган.
Маълумот учун, Россияда навбатдаги президентлик сайловлари 2024 йил 17 мартда бўлиб ўтади, бироқ бу сана ҳали Федерация Кенгаши томонидан алоҳида регламентда тасдиқланмаган. Сайлов санаси тасдиқланганидан кейин номзодларни кўрсатиш бошланади ва Россия Федерацияси МСК овоз беришнинг аниқ шаклини белгилайди. Россия Федерацияси Конституциясига киритилган ўзгартиришлардан сўнг, амалдаги давлат раҳбари Владимир Путин ҳам сайловда номзод сифатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь