“Интер” мухлислари “Сан-Сиро”ни бойкот қилди
Спорт
−
26 Август 3548 2 дақиқа
Италиянинг “Интер” жамоаси мухлислар стадионга кириш чипталарининг нархи кескин кўтарилганидан норози. “Интер” жамоасининг асосий мухлислар гуруҳи “Curva Nord” “Сан-Сиро” стадионидаги уй ўйинларига бойкот эълон қилди. Бу ҳақда “Football Italia ” нашри хабар берди.
Баёнот “Торино” жамоаси билан А Серия очилиш ўйинидан аввал тарқатилди ва унда мухлислар тақиқлар, чекловлар ва суиистеъмолларга дуч келаётганини таъкидлади. Мухлисларнинг норозилигига бир неча сабаблар келтирилди:
- биринчидан, чипта ва абонемент нархларининг асоссиз оширилиши;
- иккинчидан, “қора рўйхат”га тушган кўплаб аъзоларнинг ҳеч қандай суд қарорисиз ёки жиноят қайдисиз абонементни янгилай олмаслиги;
- учинчидан, трибуна атрибутлари ва кореографияларга қўйилган қатъий чекловлар.
“Curva Nord” гуруҳлари стадион ташқарисида қолишини маълум қилди ва стадион ичида қоладиган мухлисларни ҳам сокин ўтириб, шовқинсиз норозилик билдиришга чақирди. Бу қарор “Сан-Сиро” стадионидаги атмосфера ва жамоанинг руҳиятига таъсир қилиши, шунингдек, клуб раҳбариятини мухлислар билан сиёсат ва тартибларни қайта кўриб чиқишга мажбур қилиши мумкин.
Маълумот учун, кеча, 25 август куни А Серия 1-тур учрашуви доирасида “Сан Сиро” стадионида “Интер” жамоаси “Торино” клуби устидан 5-0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Live
Барчаси