Instagram блогерларга видеолари учун 500 минг долларгача пул бермоқчи
Олам
−
11:49 866 2 дақиқа
Instagram ижодкорларга янги видеоплатформасига узун форматдаги контент жойлаш эвазига 500 минг долларгача ҳақ таклиф қилмоқда. Бу ҳақда “Social Media Today” хабар берди.
Гап Instagram’нинг янги “Features” функцияси ҳақида кетмоқда. У орқали ижодкорлар 90 дақиқагача бўлган видеоларни жойлаш имкониятига эга бўлади. Бироқ YouTube’даги ҳамкорлик дастури узун видеолардан даромад олиш учун кўпроқ имконият яратгани сабабли, блогерларни Instagram’га бундай контент жойлашга қизиқтириш қийин бўлмоқда.
Маълумотларга кўра, Meta’га тегишли платформа айрим ижодкорларга “Features”’га узун видеолар жойлаш учун 50 минг доллар, бошқаларига эса олти хонали, ҳатто 500 минг долларгача бўлган бир марталик тўловларни таклиф қилган.
Meta бу таклифлар ҳақидаги маълумотларни тасдиқламаган ҳам, инкор этмаган ҳам. Компания вакили айрим ижодкорларга “Features” учун контент яратиш бевосита молиялаштирилаётганини билдирган.
Қайд этилишича, Instagram раҳбари Адам Моссери ҳам узун видеолар муаллифлари учун даромад олиш имконияти муҳимлигини тан олган. У компания бу йўналишда бир нечта ечимларни кўриб чиқаётганини айтган.
Meta аввал ҳам узун видеоларни оммалаштириш учун шунга ўхшаш усулдан фойдаланган. 2021 йилда компания 2022 йил давомида ижодкорларга 1 миллиард доллар тўлашини эълон қилган. Бу маблағнинг бир қисми IGTV платформасига видео жойлаштирган ва уларда реклама намойиш этишга рухсат берган муаллифларга ажратилиши керак эди. Бироқ бу ташаббус фойдаланувчилар қизиқишини узоқ муддатга ошира олмаган. 2022 йил бошида Meta алоҳида IGTV иловасини ёпиш режасини эълон қилган.
Таҳлилларга кўра, ижодкорларга бир марталик катта тўловлар таклиф қилиш қисқа муддатда контент кўпайишига олиб келиши мумкин. Аммо доимий даромад тақсимлаш тизими бўлмаса, бу усул узоқ муддатли натижа бериши қийин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Instagram 10 йил ичида илк бор ўзининг “Instagram” номи ёзилган логотипини янгилагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси