Instagram ҳам пуллик обунани синовдан ўтказмоқда
Технология
−
31 Март 1718 2 дақиқа
Meta компанияси бир нечта давлатда Instagram учун Instagram Plus деб номланган премиум-обунани синовдан ўтказмоқда. Бу ҳақда компания вакилларига таяниб, “TechCrunch” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу обуна фойдаланувчиларга эксклюзив функциялардан фойдаланиш имкониятини беради. Янги имкониятлар орасида Stories’ни (24 соатдан кейин ўчиб кетувчи фото ёки видеолар) муаллифга билдирмасдан кўриш имконияти бор – содда қилиб айтганда, пуллик обуначилар аноним режимга эга бўлади. Бундан ташқари, улар қайсидир фойдаланувчи уларнинг “ҳикоя”сини неча марта кўрганини кузатиб боришлари мумкин бўлади.
Тахмин қилинаётган бошқа янгиликлар қаторида “Яқин дўстлар” тоифасидан ташқари Stories учун чекланмаган миқдорда фойдаланувчилар рўйхатини тузиш имконияти ҳам бор. Шунингдек, пуллик обуначилар “ҳикоя”ларини стандарт 24 соат ўрнига 48 соатга жойлаштиришлари мумкин бўлган режим кутилмоқда. Шунингдек, ҳафтада бир марта “ҳикоя”нинг кўриниш даражасини (қамровини) қўшимча равишда ошириш имконини берувчи “Ажратиб кўрсатиш” (Highlighting) функцияси пайдо бўлиши мумкин.
Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, Instagram Plus ҳозирда Мексика, Япония ва Филиппинда синовдан ўтказилмоқда. Нархлар (ҳозирча) анча паст ва минтақага қараб фарқ қилади: 3,9 мексика песоси, 319 иена ёки 65 филиппин песоси – бу тахминан 1–2 доллар атрофида дегани.
Instagram Plus қачон оммавий ишлай бошлаши ва у барча мамлакатларда мавжуд бўлиш-бўлмаслиги ҳозирча маълум қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ OpenAI ChatGPT’да реклама жойлаштирилишини эълон қилганди. Синовлар АҚШда бепул версия ва ChatGPT Go (ойига 8 доллар) тарифидаги фойдаланувчилар учун бошланади.
Live
Барчаси