“Инсонларни соғлиғи бизнесга айланиб кетди”. Турдимов айрим шифокорларни огоҳлантирди
Жамият
−
04 Декабрь 2023
7840Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов тиббиёт соҳаси вакиллари иштирокида видеоселектор ўтказиб, унда ушбу соҳадаги камчиликларни танқид қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Ҳоким биринчи навбатда эътиборни айрим шифокорлар томонидан дори ишлаб чиқарувчи турли фирмалар билан келишган ҳолда беморларга керак бўлмаган дориларни ёзиб бериш ҳолатларини танқид қилди.
“Ноинсофлар, ўтирасанда рецепт ёзаверасан, чўнтагидан “ураверасан”. Битта Самарқанд 482 миллион доллар бошқа давлатларга пул кўчириб дори сотиб олади. Бошқа давлатни одамларини иш билан таъминлаймиз, бошқа давлатни бюджетини тўлдирамиз. Бошқа давлатларни бой қиламиз. Ўзимиз майиб бўламиз у дориларни еявериб. “Пачкалаб”, тонналаб дори еймиз”, деган Турдимов.
Таъкидланишича, кўплаб шифокорлар беморларни алдаб, мавжуд бўлмаган касалликларга ташхис қўйиб, уларга фармацевтика компаниялари манфаатига дори сотиб олишга мажбур қилмоқда.
“Инсонларни соғлиғи бизнесга айланиб кетди. Кўплаб шифокорлар ўзининг таниш дорихонаси орқали дори ёзиб беради, стандартларга амал қилмайди. Ҳар ҳафта ҳисобот қилиб бориш керак: қайси ноинсоф дорихоначи, қайси ноинсоф шифокор стандартдан чиқди”, деган вилоят ҳокими.
Шунингдек, Турдимов хусусий шифохоналарда рецептга керак бўлмайдиган дорилар ёзиб бериладиган бўлса, уларни ёпиш чораларини кўришини айтган.
“Уларни судга берамиз. Кейин бош шифокори ва таъсисчисини халққа таништирамиз. Буни ҳамма даражадаги хусусий клиникалар ўзларига ёзиб олиши керак. Халқни соғлиғи орқасидан бойлик орттиришни ким ният қилаётган бўлса, у ўзига душманлик қилаётган одам бўлади. Шу нуқтайи назардан бизни самарқандлик фуқароларимиз ҳам билиши керак: қанча кўп дори ичсангиз сизга фойдаси йўқ у дорини”, деган Эркинжон Турдимов.
Видеоселекторда қатнашган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи эса Самарқанд шаҳар 1-сон болалар шифохонасида жорий йилнинг 30 ноябрь куни беморни лаборатор текширувлардан ўтказиш учун хусусий шифохонага бланк-келишув асосида юборилгани аниқланганини айтган. Унинг таъкидлашича, мазкур шифохонанинг ўзида лаборатор текширувлари учун барча ускуналар мавжуд бўлган. Бундан ташқари, беморга даволаш стандартида белгиланган дорилардан ташқари қўшимча, беморга кераги бўлмаган турли фирмаларнинг қиммат дорилари ҳам ёзиб берилган.
Шунингдек, ҳоким Турдимов айрим тиббиёт муассасаларида маҳаллий бюджетдан айрим дори-дармонлар ажратилган бўлса-да, беморлар дориларни кўчадаги дорихоналардан сотиб олаётганини танқид қилган.
“Шифохоналарнинг ҳар бир кириш жойига қандай дорилар борлигини ёзиб қўйиш керак, деб аввал ҳам айтгандим. Агар рўйхатни ўзгартириш ёқмаса, тахтага бўр билан ёзиб қўйинг. Қайси дорилар мавжуд, қайси дорилар бепул, қайси дорилар пуллик эканини ёзиш керак. Ўша жойдаги беморлар билиши керак. Туманларда айрим беморлар шприцни ҳам ўзим олиб келганман, дерди”, деди Турдимов.
Бундан ташқари, ҳоким вилоят соғлиқни сақлаш масъулларига тизимни рақамлаштириш, унда шифокорлар томонидан ёзилган ҳар бир рақамланган рецепт ва даволаш рецептидаги қоидабузарликларни қайд этиш вазифасини юклатган. У тиббиёт ходимлари билан тузиладиган меҳнат шартномасига стандартдан чиқиб рецепт ёзган ходимлар ишдан бўшатилиши ҳақида банд қўшиш кераклигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эркинжон Турдимов истеъмол муддати ўтган маҳсулотларни сотган дўкондорларни огоҳлантирганди.
LiveБарчаси