Инсониятга иккита даҳшатли жаҳон уруши таҳдид солаётгани айтилди 

Олам

image

АҚШ ва Хитой ўртасидаги зиддият учинчи ва тўртинчи жаҳон урушларига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Американинг “19Fortyfive” нашри шарҳловчиси Роберт Фарли ёзган.  

“Вашингтон ва Пекин қарама-қаршилиги, катта эҳтимол билан, битта ҳал қилувчи тўқнашув билан тугамайди, балки бир қатор қуролли кампанияларга олиб келади”, деб ёзган у. 

Шарҳловчининг фикрича, икки буюк давлат Тайвань учун жанг бошлаши мумкин. 

“Агар АҚШ кучлари Хитой халқ озодлик армиясини мағлуб қила олса, бу Пекинни орол билан бирлашиш ғоясидан воз кечишга мажбурламайди”, дейди Фарли. 

Унинг фикрича, ХХР Қўшма Штатлар билан вақтинчалик сулҳ тузади, кейин эса баҳсли ҳудудни қўшиб олиш учун яна зарба беради. 

“Хитой Тайвань кампаниясида ғолиб бўлса ҳам, у АҚШ билан асосий қарама-қаршиликларни йўқ қилмайди. Осиё давлатларининг Хитой халқ озодлик армиясининг ҳарбий муваффақиятига муносабатини олдиндан айтиш қийин бўлса-да, бу воқеадан сўнг Вьетнам, Япония ва Жанубий Корея каби давлатлар Вашингтон билан яқинроқ иттифоқ тузишга интилади, деб тахмин қилиш мумкин. Бу эса бошқа можаро учун олд шартларни яратади”, дейилган хабарда. 

Фарлига кўра, Тинч океанининг ғарбий қисмида ҳар қандай қуролли тўқнашув фалокат бўлади ҳамда Осиё ва Шимолий Америка ўртасида ривожланган инфратузилма, молиявий ва савдо алоқаларини бузади. 

Мақола муаллифи инсоният бундай сценарийдан қочишга қодир бўлишига умид билдирган. 

Аввалроқ, АҚШда Хитойдан келиб чиқадиган таҳдидлар билан курашиш бўйича марказ яратилиши ҳақида хабар бергандик. 


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Хитой уруш

Баҳолаганлар

2335

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг