Инсониятда дунёни қутқариш учун атиги 2 йил қолди – БМТ

Бу қизиқ

image

Инсониятда иссиқликни ушлаб турувчи чиқиндиларни чиқаришга кескин ўзгаришлар киритиб, “дунёни қутқариши" учун атиги икки йил қолди, бундай катта ўзгаришларни молиялаштириш учун эса ундан ҳам камроқ вақт бор. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича Конвенцияси ижрочи котиби Саймон Стил кеча, 10 апрель куни Лондондаги Chatham House таҳлил марказидаги чиқишида сўз очди. 
 
Унинг айтишича, бутун дунё ҳукуматлари 2025 йилда карбонат ангидрид чиқиндиларини чеклаш бўйича янги ва яхшироқ режалар ишлаб чиқишлари керак. У шу ой Вашингтонда глобал молия бўйича ҳал қилувчи учрашувлар бўлиб ўтишини эслатди. 

“Бизда ҳали ҳам янги авлод миллий иқлим режалари орқали иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш имконияти мавжуд. Аммо ҳозир бизга кучлироқ режалар керак”, дейди Стил. 

У иқлим ўзгаришига қарши кураш фақат кучли одамларнинг иши эмаслигини айтди.

“Дунёни қутқариш учун кимнинг икки йили бор? Жавоб – бу сайёрадаги ҳар бир одамнинг. Борган сари кўпроқ одамлар иқлим инқирозининг таъсирини кундалик ҳаётларида ва уй хўжаликлари бюджетларида ҳис қилганлари учун барча жамиятлар ва сиёсий доираларда иқлим ўзгаришига қарши чоралар кўришни хоҳлашади", дейди Стил. 

Аммо ҳамма ҳам бундай огоҳлантиришлар фойдали бўлишига ишонч ҳосил қилмайди.

"Дунёни қутқариш учун икки йил – маъносиз риторика. Энг яхши ҳолатда, бу эътибордан четда қолиши мумкин, энг ёмони, бу самарасиз бўлади ", дейди Принстон университети иқлимшуноси, халқаро муносабатлар бўйича профессор Майкл Оппенҳаймер.

АҚШ ҳукумати ҳисоб-китобларига кўра, ҳаводаги карбонат ангидрид ва метан миқдори ўтган йили рекорд даражага етган, олимлар эса глобал карбонат ангидрид чиқиндилари 1,1 фоизга ошганини тахмин қилмоқда. Глобал ҳарорат мониторинги гуруҳлари эса ўтган йил рекорд даражадаги энг иссиқ йил бўлди, деган хулосага келди.

Маълумотларга кўра, агар кўмир, нефть ва табиий газни ёқиш оқибатида карбонат ангидрид ва метан чиқиндилари ўсишда давом этса ёки кескин камаймаса, бу дунёнинг энг бой ва энг қашшоқ мамлакатлари ва жамоалари ўртасидаги улкан тенгсизликни янада кучайтиради. 

“Буларнинг барчаси ортида пул турибди. Ҳали ҳам вақт ва молия муаммонинг марказида экани мутлақо тўғри", дейди Европанинг E3G таҳлил марказининг узоқ йиллик иқлим бўйича таҳлилчиси Альден Мейер. 


Climate Analytics бош директори Билл Харенинг таъкидлашича, Париж иқлим келишувининг глобал ҳароратнинг 1,5 даражагача кўтарилишини чеклаш амбицияларини қондириш учун ўн йиллик охирига қадар глобал эмиссияларни икки баравар камайтириш керак.


“Ҳукуматлар бундан йироқ ва кўпчилик ҳали ҳам янги қазилма ёқилғиларни ишлаб чиқишни қўллаб-қувватламоқда. Агар биз 2030 йилга бориб сезиларли қисқартиришга эришмоқчи бўлсак, биз ҳозир ҳаракатда катта ўсишни кўришимиз керак – қайта тикланадиган энергия манбалари, электр транспорт воситалари ва аккумуляторларнинг тезроқ кўпайиши. Қанча узоқ кутсак, шунча қимматга тушади”, дейди Харе.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ БМТ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг