Хитой АҚШнинг учта компаниясини “қора рўйхат”га киритди
Олам
−
20 Май
5003Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлиги Американинг учта компаниясини Тайванга қурол сотиш бўйича ишончсиз ташкилотлар рўйхатига киритди. Бу ҳақда вазирлик сайтида тегишли баёнот эълон қилинди.
“Мамлакат суверенитети, хавфсизлиги ва тараққиёт манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида General Atomics Aeronautical Systems, General Dynamics Land Systems, шунингдек, Boeing Defence, Space & Security компанияларига нисбатан чеклов чоралари жорий этилмоқда”, дейилади вазирлик хабарида.
Аниқлик киритилишича, компаниялар Тайванга қурол сотиш билан шуғулланади. Уларга Хитой билан савдо қилиш, шунингдек, мамлакатга янги сармоя киритиш тақиқланган. Компания раҳбарларининг Хитойга кириши ман этилган.
Савдо вазирлигининг таъкидлашича, Boeing Defence, Space & Security компанияси Тайванга қурол сотиш шартномалари миқдоридан икки баравар кўп жарима тўлаши керак.
Вазирлик хитойлик тадбиркорларни 2023 йил февраль ойида ишончсиз корхоналар рўйхатига киритилган Lockheed Martin корпорацияси ва Raytheon Missiles & Defence’га қарши санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берганликда гумон қилинаётган АҚШнинг Caplugs компанияси билан муомала қилишда эҳтиёт бўлишга чақирди. Caplugs’га қарши экспорт назорати жорий этилмоқда: Хитой компаниялари ўз маҳсулотлари Caplugs орқали санкцияланган корхоналарга етказиб берилмаслигини таъминлаши керак.
Хитой Тайвань бош ижрочи директори Лай Циндэ лавозимга киришган куни Америка қурол етказиб берувчиларига қарши санкцияларни эълон қилди.
LiveБарчаси