Инсоният тарихда кузатилмаган хавфли босқичга кирди – Имомали Раҳмон
Олам
−
23 Февраль
37715Инсоният ҳозирда ўз тараққиётининг тарихда ҳали кузатилмаган хавфли босқичига кирди – дунёда қайта бўлиниш жараёнлари кучайиб, вазият мураккаб ва таҳликали тус олди. Бу ҳақда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон бугун, 23 февраль куни нишонланадиган Тожикистон Қуролли кучлари куни муносабати билан йўллаган табрикномасида айтиб ўтди.
“Сўнгги пайтларда дунёда вазият тобора мураккаб ва таҳликали бўлиб бормоқда. Дунёда қайта бўлиниш жараёни, тезкор қуролланиш, “Совуқ уруш”нинг янги босқичи, замонавий таҳдид ва хавф-хатарлар – терроризм ва экстремизм, ноқонуний қурол савдоси, кибержиноятлар ва трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг бошқа турлари кучаймоқда. Бошқача айтганда, инсоният тарих эсламайдиган жуда нозик ва хавфли босқичга кирди”, дейди Президент.
Тожикистон раҳбари шундай шароитда “жамиятнинг ҳар бир билимдон фуқароси, айниқса, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари халқ ҳаётидаги улуғ қадрият – мустақиллик ва озодликни ҳимоя қилиш, жамият ва давлат хавфсизлиги, тинчлик, барқарорлик ва миллий бирликни қўлдан бой бермаслиги шарт” эканини таъкидлади.
Шунингдек, Имомали Раҳмон давлат мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш учун барча зарур чораларни кўришига ишонтирди.
Президент ХХ асрнинг 90-йилларида, СССР парчаланганидан сўнг Тожикистонда фуқаролар уруши бўлганини, шу сабабли Қуролли кучларни яратиш кечиктирилишига тўғри келганини, аммо “ўша кунларнинг муаммолари: оғир иқтисодий ва молиявий аҳволга қарамай”, миллий армия деярли нолдан яратилганини эслатиб ўтди.
Имомали Раҳмон Қуролли Кучларнинг барча офицер ва аскарларини байрам билан табриклаб, уларни ватан ҳимоясидаги маҳоратини оширишга чақирди, армия ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги қўмондонликларга тарбиявий ишларни сифатли олиб бориш масаласига эътибор қаратишни буюрди.
Маълумот учун, бугун, 23 февраль куни Тожикистон Қуролли кучлари ташкил топганига 31 йил тўлди. Бу сана 1993 йилнинг шу куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган мустақил Тожикистондаги илк ҳарбий парад муносабати билан танланган.