“Инсоний биродарлик” мукофоти афғонистонлик аёлга берилди

Жамият

image

Бирлашган Араб Амирликларида тинчлик, ижтимоий адолат ва динлараро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи нуфузли “Инсоний биродарлик” (Zayed Award for Human Fraternity) мукофоти совриндорлари маълум бўлди. Бу ҳақда “Abu Dhabi media office” хабар берди.

Қайд этилишича, бу йилги мукофот Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тарихий тинчлик келишуви ҳамда ҳуқуқ ҳимоячиси Зарқа Яфталига насиб этган. Шу тариқа, Кавказ минтақаси ва Афғонистондан илк бор мазкур мукофот совриндорлари эътироф этилган.

“Кавказда ўнлаб йиллар давом этган можаролар ва гуманитар азоб-уқубатларга барҳам беришга қаратилган, узоқни кўзлаган етакчилик асосида қабул қилинган муҳим қарор сифатида Арманистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасида тинчлик ва давлатлараро муносабатларни ўрнатиш тўғрисидаги келишув тинчлик, мулоқот, нормаллашув ва низоларни ҳал этиш жараёни сифатида эътироф этилди. Ушбу жараён ярашув бир марталик ҳаракат эмас, балки узлуксиз ва изчил йўл эканини яққол кўрсатади”, дейилади хабарда.

Қолаверса, аёллар ва болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини ҳимоя қилишга бутун умрини бағишлаган Зарқа Яфтали Афғонистонда ва ундан ташқарида 100 мингдан ортиқ кишига таълим ресурслари, психологик-ижтимоий ёрдам ҳамда жамоага асосланган хизматлар кўрсатгани учун тақдирланган. У чекланган шароитларда яшаётган қизларга умид ва билим улашиб келмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, мукофот совриндорларини аниқлаган халқаро ҳакамлар ҳайъати таркибида Марказий Осиёнинг ягона вакили – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева иштирок этган.

Маълумот учун, тақдирлаш маросими 2026 йил 4 февраль куни БМТ томонидан белгиланган Халқаро инсон биродарлиги кунида бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 11-12 декабрь кунлари Саида Мирзиёева Италиянинг Рим шаҳрида “Инсоний биродарлик” мукофоти ҳайъати йиғилишида қатнашган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Саида Мирзиёева Инсоний биродарлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг