Иноятовнинг мавҳум тақдири: вазир нега лавозимидан “учди”?
Таҳлил
−
05 Январь
24021Соғлиқни сақлаш вазири лавозимида 1 йил-у 1 ҳафта ишлаган Амрилло Иноятов номаълум сабабларга кўра ишдан олинди. Маълумотларга кўра, 4 январь куни Бош вазир иштирокида мажлис бўлган. Унда Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовни лавозимидан озод этиш масаласи кўриб чиқилган.
Иноятовнинг ССВдан кетишига болаларнинг йод препаратидан заҳарланиши, тизимдаги камчиликларни бартараф этмагани сабаб бўлдими ёки бошқа масала, бу бизга мавҳумлигича қолмоқда. Орадан икки кун ўтиб, янада юқорироқ лавозимга тайинланса ҳам “шок"га тушмаймиз. Бу ҳолатлар шу кунгача ҳам бўлган ва энди ҳам бўлмайди, деб айтолмаймиз.
Иноятов ўзининг вазирлик даврини боғча ва мактаб болаларининг йод препаратидан заҳарлангани билан эслайди, деб умид қиламиз. Ҳар ҳолда бу ҳолат одамларнинг эсидан чиққанича йўқ. "Бу ишни шахсан назоратга олганман”, деган Иноятов ишни охири нима бўлганини ҳам айтмади.
Ёдингизда бўлса, 2023 йилнинг 20 сентябрдан барча мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида болаларни йод билан таъминлаш дастури бошланганди. Препаратлар Соғлиқни сақлаш ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги орқали 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган барча болалар учун бепул тақдим этилди. Ҳамма машмаша ана шундан кейин бошланди.
Йод берилганининг эртаси, 21 сентябрь куни Чуст туманидаги боғчаларда болалар заҳарлана бошлади. Бир-неча кун ичида, биргина Наманганнинг ўзида 71 нафар бола тана ҳароратининг кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари билан шифохонага ётқизилди.
Заҳарланиш ҳолати бутун республика бўйлаб кўпайди, шифохоналар йоддан заҳарланган болалар билан тўлди. Ота-оналар эса бу ҳолат боғчада фарзандига йод препарати берилганидан сўнг бошланганини билдирди. Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги йоддан заҳарланиш сифатида фақат Намангандаги ҳолатни тан олди, холос.
Бу ҳолатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги вазирга гард юқтирмасликка уринди. Бошида бу масалада журналистлардан чуқурлашмасликни сўраган Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов, охир-оқибат 14 ноябрга келиб Наманганда содир бўлган заҳарланиш “передозировка” эканини тан олди.
Ёдингизда бўлса, жаноб Иноятов чиқишлардан бирида Антиструмин дори воситаси билан боғлиқ бўлган барча масъул ходимлар қонун олдида жавоб беришиши алоҳида урғулаганди. Буни қарангки, жавоб бериши керак бўлган биринчи одамнинг ўзи лавозимидан кетди.
Вазир ишдан кетиб, Соғлиқни сақлаш соҳаси раҳбарсиз қолди, дерсиз. Бундай эмас. Шу вақтгача Президент Администрациясида Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Асилбек Худаёров Амрилло Иноятовнинг ўрнини вақтинча эгаллади.