Индонезияда вулқон отилиши оқибатида 8 та аэропорт ёпилди
Олам
−
08:56 545 2 дақиқа
Индонезияда Анак-Кракатау вулқони отилиши натижасида тарқалган вулқон кули сабаб 8 та аэропорт, жумладан Жакартани таъминлайдиган 2 та аэропорт фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда мамлакат Транспорт вазири Дуди Пурваганда маълум қилди.
4 сентябрь куни кечқурун бошланган отилишлардан кейин вулқон кули Ява ва Суматра ороллари ўртасида жойлашган Анак-Кракатаудан тарқалиб, Жакарта ва унинг атрофидаги ҳудудларни қоплаган. Хавфсизлик нуқтаи назаридан аэропортлардаги парвозлар бекор қилинган.
Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, парвозларнинг бекор қилиниши 170 минг кишига таъсир кўрсатган. Жакартанинг асосий аэропорти маҳаллий вақт билан бугун, 7 сентябрь куни соат 18:00 гача ёпиқ бўлиши режалаштирилган.
Вазир Дуди Пурваганда аэропортлар қачон очилишини аниқ айтиш қийинлигини билдирган. У бунга об-ҳавонинг ўзгарувчанлиги сабаб бўлаётганини таъкидлаган.
Жакарта яқинидаги Лампунг ва Ғарбий Ява провинцияларига хизмат кўрсатувчи аэропортларни ўз ичига олган яна 7 аэропорт эса камида бугун соат 08:59 гача ёпиқ қолиши белгиланган.
Вулқон мониторинги агентлиги маълумотларига кўра, Анак-Кракатаудаги сўнгги отилиш кеча, 6 сентябрь куни соат 20:23 да қайд этилган. Мутахассислар яқин вақтда яна отилишлар содир бўлиш эҳтимоли юқори эканидан огоҳлантирган.
Метеорология, иқлим ва геофизика агентлигининг маълум қилишича, вулқон кули Ява томонида 6 минг метргача, Суматра томонида эса 15 минг метргача баландликка кўтарилган. Кул Явадаги Бантен провинциясининг айрим ҳудудларига ҳам тарқалган.
Табиий офатлар агентлиги аҳолига кўчага чиққан пайтда вулқон кулини нафас орқали қабул қилмаслик учун ниқоб тақишни тавсия қилган. Жакарта ва Лампунгда эса ўқувчилар саломатлигига хавфни камайтириш мақсадида мактабларда масофавий таълим жорий этилган.
Маълумот учун, Индонезия Тинч океанидаги “Олов ҳалқаси” ҳудудида жойлашган бўлиб, мамлакатда зилзилалар ва вулқон отилишлари тез-тез содир бўлади.
Анак-Кракатау номи “Кракатау фарзанди” маъносини англатади. Вулқон қарийб бир аср аввал 1883 йилдаги улкан портлашлар натижасида вайрон бўлган Кракатау вулқони жойлашган ҳудудда пайдо бўла бошлаган. 1883 йилги отилишлар оқибатида юзага келган цунамилар 36 мингдан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Индонезиядаги Дуконо вулқoни oтилиши oқибaтидa уч нафар сaйёҳ ҳалoк бўлганди.
Live
Барчаси