Индонезияда кучли зилзила бўлди. Қурбон бор
Олам
−
12:45 2142 1 дақиқа
Индонезиянинг Тернате соҳилида магнитудаси 7,4 бўлган зилзила содир бўлди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Ҳодисадан кейин минтақада цунами ҳақида огоҳлантириш берилган, бироқ кейинчалик таҳдид бекор қилинган. Камида бир киши ҳалок бўлган.
АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, зилзила маркази Тернатедан 127 км ғарб-шимол-ғарб томонда жойлашган ва ер қобиғида 35 км чуқурликда юзага келган. Дастлаб зарбалар кучи юқори баҳоланган, кейинчалик магнитуда 7,4 га аниқлаштирилган.
Зилзила оқибатида Шимолий Сулавесида 70 ёшли аёл ҳалок бўлган. Шунингдек, жароҳат олганлар ҳам бор. Зилзила Тернате, Битунг ва бошқа шаҳарларида ҳам сезилган. Одамлар қўрқувдан уй ва мактаблардан ташқарига югуришган.
Зилзиладан кейин бир нечта жойларда кичик цунамилар кузатилган. Энг баланд тўлқин Шимолий Минахасада 0,75 метрга етган. Кейинчалик Индонезия ва халқаро хизматлар цунами таҳдидини бекор қилган.
Тернате шаҳрида бир неча бино-уйлар, черков ва спорт комплекси зарар кўрган. Қутқарувчилар ва маҳаллий ҳокимиятлар зарарни баҳолашда давом этмоқда. Асосий зарбадан сўнг афтерншотлар ҳам қайд этилган.
Индонезия тез-тез кучли зилзилаларга дуч келади, чунки у Тинч океани олов ҳалқаси ҳудудида жойлашган – юқори сейсмик фаолликка эга зона.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда охирги икки кун ичида кучли ёмғирлар оқибатида юзага келган сув тошқинлари биноларнинг қулашига ва 22 киши ҳалок бўлишига олиб келганди.
Live
Барчаси